Сирдарё вилояти Ховос тумани “Қайирма” маҳалласида вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳамда туман сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабулда уйма-уй юрган ҳолда ҳудуддаги аҳвол, ечимини кутаётган муаммолар ўрганилди.
Уйма-уй юриш, “маҳаллабай” ўрганиш давомида асосан, соғлиқни сақлаш, уй-жой кадастри, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал ва экология масалаларига оид мурожаатлар келиб тушди.

Шундан сўнг ҳар бир мурожаат бўйича соҳалар кесимидаги вилоят раҳбарлари фуқароларга изоҳ берди ва муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ муддат белгиланди.
Унга кўра, ушбу маҳаллада сентябрь ойига қадар барча электр устунлари ва яроқсиз электр симлари тўлиқ алмаштириладиган, газ таъминотига уланмаган хонадонларнинг барчаси август ойи якунига қадар тармоққа уланадиган, ичимлик суви бўйича қилинган мурожаатлар эса 2 ҳафта муддатда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги 11,2 км ички йўллар IV-чорак якунига қадар Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан таъмирланадиган бўлди.
Уй-жой ҳужжатлари билан боғлиқ масалалар вақт талаб қилгани боис масъуллар томонидан назоратга олинди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА