Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр қабул: Чорбоғ “Туризм қишлоғи”га айланади
13:38 / 2022-05-23

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор соҳани иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айлантириб, юртимизнинг тарихий обидалари, археологик бой ёдгорликлари, гўзал табиати, миллий қадрият ва анъаналаримиз билан яқиндан таништиришда муҳим омил бўлаётир. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг тиббий туризм имкониятларидан фойдаланиб, саломатлигини тиклашига хизмат қилмоқда. Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраевнинг Шеробод туманидаги баланд тоғларга туташ Чорбоғ маҳалласида ўтказган сайёр қабулида ана шу ҳақда сўз борди.

Очиқ мулоқотда Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ички ва ташқи туризмни қўллаб-қувватлаб, ривожлантириш учун берилаётган имтиёз, преференциялар, туризм қишлоғи мақоми ҳамда соҳада давлат-хусусий шериклик асосида хизмат кўрсатиш тўғрисида маълумот берилди.

Чорбоғ маҳалласи воҳанинг бой туристик салоҳиятга эга ҳудудларидан бири. Хўжаикон туз ғори санаторийси бронхиал астма, бронхит, артерия, гипотензия, юрак ишемик ва тери касалликларига шифолиги билан донг таратган. Бу ерда нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки қўшни давлатлардан ҳам келиб, ўз дардига малҳам топаётганлар бор. Тоғлар қўйнидаги сўлим табиат манзараси экотуризм шайдоларини ўзига мафтун этиб келади. Маҳаллий аҳоли Чақиртош ота зиёратгоҳидаги булоқ сувининг ошқозон-ичак ва кенг адирликдан сизиб чиқадиган шифобахш сувнинг буйрак касалликларига даволигини таърифлайди.

– Буйрагим шамоллаб, тош пайдо бўлган экан, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Аҳмад Тўрабоев. – Термиз шаҳрига бориб даволанаётган эдим. Ҳа, деганда тош тушиб кетмади. Шундан сўнг уйга келиб, тўғри буйрак сувга бордим. Тўйиб ичдим. Бирпасдан сўнг оғриқ пасайиб, танам енгиллашгандек бўлди. Бир ҳафта ҳар куни шу сувдан ичиб, тиббий кўрикдан ўтдим. Тошдан асар ҳам қолмабди. Сув майдалаб тушириб юборибди. Ҳозир катта сайёҳлик салоҳиятига эга ҳудудимизга “Туризм қишлоғи” мақомини олишга ҳаракат қилаяпмиз. Шу мақсадда тадбиркорларимиз туристларга турли замонавий сифатли хизматлар кўрсатадиган шохобчаларни ташкил этяпти. Бу ҳудудимизда хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш баробарида аҳолининг бандлик масаласини ҳал этишга ҳам кўмаклашмоқда.

Маҳалладаги 773 хонадонда 3 минг 708 киши яшайди. Иккита санаторий, 6 та ошхона, 16 та савдо дўкони, битта меҳмонхона, 14 та оилавий меҳмон уйи мавжуд.

Сайёр қабулда маҳалланинг 50 дан ортиқ вакили иштирок этиб, 20 га яқин муаммони ўртага ташлади.

– Туз тошидан турли зеб берилган тунги чироқлар ясашни йўлга қўйдик, – дейди Санжар Жумаев. – Сувенир шаклида ясаладиган бу маҳсулот ёқиб қўйилса, лампочкаси қизигач, таркибида табиий йод бўлгани учун туз тоши ион тарқатиб, нафас йўли касалликларини даволайди. Лекин уни янада кўпроқ ишлаб чиқариш учун замонавий шакл берадиган ва туз тошини кесадиган қўшимча ускуналарга эҳтиёж сезяпмиз. Янги ускуналар харид қилсак яна уч кишини иш билан таъминлашимиз мумкин. Шу мақсадда 80 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишига ёрдам сўрадик.



Бу масала жойида ўрганилиб, мутасаддиларга ҳунармандчиликни ривожлантириши учун белгиланган тартибдаги имтиёзли кредит ажратиш вазифаси топширилди. Мурожаатчиларнинг яна бир гуруҳи оилавий меҳмон уйлари ташкил этиш учун уйларининг кадастр ҳужжатларини тўғрилаш масаласини ўртага ташлади. Шунингдек, савдо, маиший, автомобилларга техник хизматлар кўрсатиш, спорт комплекслари барпо этиш каби йўналишларда ҳам мурожаатлар бўлди. Уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, сайёҳларга хизмат кўрсатиш тартиблари тушунтирилди.

Очиқ мулоқот якунида масъуллар туз кони санаторийси ғорида даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. “Хўжаикон туз кони” корхонасининг айни пайтда бўш турган собиқ идора биносидан туризм соҳасига хизмат кўрсатиш учун фойдаланиш масалалари ўрганилди. Маҳаллага “Туризм қишлоғи” мақомини бериш, ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириб, бу ернинг бой имкониятларини кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама этилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА