Сайёҳлик ва маданий алоқалар ривожланади
Бухорода давом этаётган халқаро замонавий санъат биеналле доирасида Бошқирдистон Республикасининг туризм вакиллари билан B2B учрашуви ташкил этилди. Тадбирда икки томоннинг етакчи туроператорлари иштирок этди.
Меҳмонларга вилоятнинг бой маданий мероси ва туризм салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашув давомида томонлар ўзаро тажриба алмашиш, янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш бўйича келишувларга эришди.

Хусусан, жорий йил якунигача Бухоро вилоятига Бошқирдистон ва Татаристондан жами 10 минг нафар сайёҳни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бу эса вилоят туризм соҳасининг янада ривожланиши ва иқтисодиётга сезиларли ҳисса қўшилишига хизмат қилади.

Бухоро ва Бошқирдистон Республикаси ўртасидаги ушбу ҳамкорлик келгусида ҳам мустаҳкамланиб, икки томонлама сайёҳлик ва маданий алоқалар янада кенгайтирилишига замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.