Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари ташкилоти, Халқаро истеъмолчи жамиятлари конфедерацияси, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда Хива ва Урганч шаҳарларида 23-25 ноябрь кунлари “Sayyoh - 2021» халқаро форуми ўтказилмоқда.
Форумни ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатнинг туризм салоҳияти ва жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш, туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштирилиш, туризмни ривожлантиришга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиниши, туристик фаолиятни оширувчи компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро нормаларни туризм фаолияти ва амалиётга жорий этилишида кўмаклашиш ҳамда туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Мазкур Форумнинг илк кунида 20 дан ортиқ давлатлардан ташриф буюраётган халқаро делегат аъзолари кутиб олинди, шунингдек, барча делегат аъзоларини Хива шаҳрининг тарихий обидалари билан таништирилди
Шунингдек, Форум иштирокчиларига Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари ташкилоти президенти, доктор Маримуту Надасон жаноблари йўллаган мурожаат ўқиб эшиттирилди ва ушбу ташкилот бош директори Ҳелена Лоран хонимнинг видео мурожаати намойиш этилди.
Форум иккинчи кунининг биринчи қисмида «Халқаро туристик ҳуқуқ ва туризм соҳасида истеъмолчиларнинг трансчегаравий мурожаатлари» мавзусида маъруза тингланди.
Унда чет эллик сайёҳ (истеъмолчи)ларнинг мурожаатларини чет эл фуқароси бўлишига қарамасдан ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш илғор халқаро тажрибани жорий қилиш ҳақида сўз борди
Туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўтказилаётган “SAYYOH-2021» халқаро форуми истеъмолчиларнинг трансчегаравий мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг туризм ва электрон тижорат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги механизмларни такомиллаштириши, хавфсиз туризмга оид масалалар бугун ҳар бир истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этишади.
"Зеро, ҳар бир сайёҳ қаерга ташриф буюрмасин, ўша давлатда унинг истеъмолчи борасидаги ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши мамлакат туризмининг ривожи учун хизмат қилади", деди, Федерация раиси Ж.Саримосоқов.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмади. Туризм ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмади.
Мазкур форум, давомида четеллик экспертлар томонидан ҳам туризмни ривожлантиришга қаратилган халқаро меъёр ва стандартлари имплементация қилиниши, туризм соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш борасида маърузалар тингланди.
Туризм мавсумий даврини узайтириш, кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириш, хусусан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда туризм инфратузилмасини яхшилаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Халқаро истеъмолчилар жамияти конфедерацияси Раиси – Дмитрий Янин сўзга чиқиб, Сайёҳлар (Халқаро истеъмолчилар) ташриф буюрадиган масканлар ва автомагистраль йўллар бўйида санитария-гигиена шохобчаларини кўпайтириш, маданий мерос объектларида истеъмолчиларнинг мароқли ҳордиқ олиши учун қулай шароитлар яратиш, ахборот марказлари жорий этиш, сайёҳлар учун янги хизматлар ташкил этиш орқали валюта тушумини кўпайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
"Зеро, Туризмни ривожлантириш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосий бурч", дея ўз фикрини давом эттирди Халқаро истеъмолчилар жамияти конфедерацияси Раиси – Дмитрий Янин.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА