Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёҳлик маънавиятни юксалтиради
11:39 / 2025-08-23

Жиззах вилоятида ўтказилаётган “Инсон қадри учун” шиори остидаги ижтимоий ҳимоя ойлиги доирасидаги тадбирлар нафақат ички ишлар органлари ходимлари учун маънавий-маърифий тарбия мактаби, балки мамлакатимизда туризмни ривожлантиришдаги янги ёндашувлар тимсолига айланмоқда.

Жиззах вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилган саёҳатлар бугун нафақат хизмат вазифаси, балки маънавий бойиш, тарих билан яқиндан танишиш ва, энг муҳими, туризмнинг ички ислоҳотларига хизмат қилувчи муҳим тарғибот усули сифатида намоён бўлмоқда.

Улар дастлаб Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғи ҳамда Ғаллаорол туманида жойлашган Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳида бўлиб, муқаддас жойлар ва ёдгорликлар билан танишдилар. Бу саёҳатлар орқали халқимиз тарихи ва маънавий меросига нисбатан ҳурмат туйғуси яна бир бор юракдан ҳис қилинди.

“Ўрда” экобоғидаги тепаликда жойлашган тасвирлар 1916 йилдаги Жиззах қўзғолони воқеаларига дахлдор бўлиб, “Бобо Якка” зиёратгоҳи эса ушбу қўзғолондан ҳам узоқроқ тарихдан ҳикоя сўзлайди. Бу жойлар — фақат тарихий воқеаларни ёдга олиш эмас, балки келажак авлод учун ибрат мактабидир.

Тарихни англаш, уни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш — ҳар бир фуқаро, айниқса, жамоат хавфсизлигини таъминловчи ходимлар учун муҳим. Шу нуқтаи назардан, ушбу ташрифлар нафақат маънавий-маърифий аҳамиятга эга, балки фуқаролар билан мулоқот маданиятини ошириш ва туризм салоҳиятини чуқур англашда ҳам катта ўрин тутади.

Сабоҳат Давлатова,

Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг

Ахборот гуруҳи мутахассиси

ЎзА