Жиззах вилоят маданият ва туризм бошқармаси ташаббуси билан туризмни ривожлантириш борасида Фориш туманида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида Форишга пресс-тур ташкил этилди.
Юртимиз бўйлаб хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туризмни кенгайтириш борасида Фориш туманида ҳам бир қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Фориш тоғлари, қир-адирликлари, кўли, дашти, боғи, узумзорлари, умуман гўзал табиати, миллий ўзига хослиги ва анъанавий таомлари маҳаллий ва хорижий меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда.
Иштирокчилар “Ўхум”маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Ҳаёт қишлоғининг гўзал табиати, аҳолининг яшаш тарзи, оилавий меҳмон уйлари, “Нayot Ecoturism” МЧЖ фаолияти билан танишди.
– Айни пайтда Ҳаёт қишлоғидаги 3 та Hostеl, 11 та оилавий меҳмон уйлари маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда, – дейди Жиззах вилоят маданият ва туризм бошқармаси мутахассиси Ғанишер Тўйчиев. – Ўхумдаги туризм масканларига 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарф қилинди. Сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида бу ерда ҳунармандчилик маркази, сув тегирмони, қўшимча ошхона, 7 та айвон, суҳбат жойлари барпо этилди.
Булардан ташқари, “Ўхум” МФЙга 11 километр электр тармоқлари тортилди, 4 та трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, 5 километр йўл таъмирланди, 8 та кўприк қурилди.
[gallery-13648]
Ҳар йили 5 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳлар асосан “Хонбанди” шаршараси, Нурота қўриқхонасидаги ўзига хос ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, Тикчасой, Асрафсой, Андегенсой, Мажрумсой, Ҳаётсой, Мажрум, Ўхум қишлоқларидаги қўрғонлар қолдиқларини катта қизиқиш билан томоша қилади. Мажрум қишлоғидаги кўп минг йиллик арча дарахтини кўриш учун келишади.
– Ҳаёт қишлоғига келмаган киши Форишга бормадим деса, ҳам бўлади, – дейди ёш тадбиркор Ихтиёр Анжиров. – Туристик фирмалар билан шартнома қилдик. Тоғда қоя тошга ўйиб ёзилган қадимий сурат ва ёзув – петроглифлар, тоғ эчкилари яшайдиган манзил, қадимий арча ҳам дам олиш масканимизга яқин.
Германия ва Франциядан келган туристлар билан самимий суҳбат қурдик.
– Ушбу жой гўзал экан, бизга жуда ёқди, – дейди франциялик сайёҳ Анна де Барфи хоним. – Одамлари ёқимтой, меҳмондўст, самимий инсонлар, таомларига таъриф йўқ, жуда мазали тайёрлашади. Энг муҳими, бу ердаги ҳамма нарсанинг экологик тоза экани менга жуда манзур бўлди.
– Ҳудуд экотуризм йўналишидаги маскан бўлиб, тоғлар, қадимий дарахтлари, қоятошдаги ёзувлари ва Айдар кўли билан кишини ҳайратга солади, ўзига мафтун эта олади. Биз интернет орқали маълумотлар олиб, бу ерга келишга қарор қилгандик, жуда тўғри танлов қилган эканмиз, – дейди француз сайёҳи, Мишель Конте.
– Бу сўлим гўша кутганимиздан ҳам зиёда, жозибали ва ажойиботларга бой экан, – дейди Германиядан келган сайёҳ Питер Клаус. – Юртимга жуда катта таассуротлар билан қайтаяпман ва бу ернинг гўзал табиати, петроглиф ёзувлари, ҳайвонот олами, ажойиб Айдар кўли, энг муҳими қалби дарё инсонлари ҳақида олган сурат ва видеоларимни ўртоқларимга кўрсатиб, ҳикоя қилиб бераман. Улар ҳам табиатнинг бу гўзаллигидан баҳраманд бўлсин.
Фориш туманининг “Ўхум” МФЙ қишлоқларига уюштирилган пресс-тур Можирум ҳудудидаги қадимий савр дарахти томошаси билан якун топди. Ушбу дарахт танасининг диаметри тахминан 24 метр, баландлиги эса 20 метр. Дарахт 4-5 одамни ўз ичига сиғдира олади.
Иштирокчилар тадбир давомида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари.