Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёҳларни ҳайратга солган санъат
15:26 / 2025-10-21

Бухоро асрлар давомида илм-фан, ҳунармандчилик ва маданиятнинг қудратли маркази бўлиб келган. Айни дамда ҳам бу қадим шаҳар яна бир бор жаҳон диққат-эътиборини ўзига қаратмоқда. Бухоро халқаро биенналеси маданият, санъат, маданий меросимиз тарғиботида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилаётган Бухоро биенналеси бошланганига қирқ кун бўлди. Шу ўтган вақт оралиғида мазкур лойиҳа тарих ва замонавий санъат, ҳунармандчилик ва гастрономияни уйғунлаштирган кўп қиррали йирик маданий ташаббус сифатида дунё ижодкорларининг асосий диққат марказида бўлмоқда. 

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил қилинган кўргазмалар қадим обидаларга ўзгача руҳ бағишлаётгандек. Ёруғлик, овоз, интерактив технологиялар ва турфа объектлар асосида яратилган асарлар томошабинни ҳайратга солишда давом этмоқда.

Бир майдонда концерт садолари янграса, бошқасида рассомлар асарлари кўзни қувнатади, яна бир ерда ижодкорларнинг маҳорат дарслари устидан чиқасиз. Биенналеда бир неча асрлик тарихга эга, аммо, маълум сабабларга кўра воҳада йўқолиш арафасида бўлган 16-асрда кенг тарқалган китобот ва Абрў санъати тарғиботига ҳам кенг ўрин берилган.

– Бу маҳорат дарслари нафақат бизнинг сайёҳларимизга, мана шу инсталляцияларни кўришга келаётган томошабинларда ҳам жуда бир қизиқиш уйғотди, – дейди рассом Давлат Тошев. – Бу қандай қилиб сувни ичида чизилади. Нима учун ранглар чўкмасдан ўз шаклини сақлаб қолади. Рангларнинг уйғунлигини қандай қилиб чизяпсиз деган саволлар бўляпти. Уларга мана шу нарсани табиийлигини кўрсатиб бериш, услуб осонлигини ҳис этиш учун ҳар бир инсон мана шу ўз руҳиятидан келиб чиққан ҳолда сувга чизар экан бу нарса ҳеч қачон такрорланмайди. Бу инсонни руҳий жиҳатдан босиқликка чорлайди. Бу жуда қизиқарли ва ҳозирги кунда мана шу биеннале доирасида кўрадиган бўлсам ҳар кун деярли томошабинларнинг ортиши давом этяпти.      

Бухоро биенналеси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб осори атиқалар жойлашган ҳудудда ташкил қилинишида ҳам рамзий маъно бор. Эътиборлиси, бу ердаги айрим ёдгорликлар узоқ йиллардан сўнг илк бор сайёҳлар учун ўз эшигини очди. Шу билан бирга улардаги ўтмиш қайталанишини ифода этиш мақсадида карвонсаройларда, хонақоҳларда, музейларда Бухоро шашмақоми ҳам алоҳида жаранг сочяпти. 

– Халқаро биеннале фестивалида бир неча концерт дастурлари ташкил этилган, – дейди хонанда Меҳринисо Самиева. – Бухоро шашмақомидан асарлар ижро этяпмиз. Халқ куйлари билан ижро этиладиган асарлар, қолаверса, Бухоро фольклорлари яъни “Бухорча” халқ қўшиқларидан куйлаяпмиз. Концерт дастурларимизни ҳар битта келган чет эллик меҳмонлар тинглаб, дам оляпти. 

Халқаро кўргазманинг ҳар бир экспонати ўзига хослиги, рамзий маънолар касб этиши билан диққатни тортмоқда. Бугина эмас, дунёнинг турли давлатларидан келган мусаввирлар, ҳунармандлар, дизайнерлар, санъаткорлар, соҳа мутахассислари учун Бухоро биенналеси мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтамоқда.

[gallery-25831]

– Бу ердаги санъат асарлари жуда ажойиб ва таъсирли, – дейди Корея Республикасидан келган сайёҳ Ким Кидук. – Уларни томоша қилганда хотиржамликни ҳис қилдим. Барча санъат асарлари назаримда шундай. Бухоро сеҳрли ва тарихий шаҳар. Мен Бухорода замонавий санъат кўргазмасини кўриб, ниҳоятда ҳайратландим. Одатда Бухорода деганда фақат тарих қадимий бинолар эсга тушади. Аммо, бу ерда замонавий рассомчилик асарларини кўриб уларнинг ҳам нақадар юксак савияда яратилганлигига гувоҳ бўлдим.

Биеннале Бухоронинг 14 та қадимий объектида ташкил этилган. Аммо, унинг қамрови 500 дан ортиқ асори атиқаларга кўчиб ўтгандек. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, яна бир ойдан кўпроқ вақт давом этадиган санъат фестивали ҳеч шубҳасиз қадим шаҳар довруғини янада оширишга хизмат қилади. 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.