Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёҳлар хавфсизлиги – муҳим масала
18:27 / 2023-10-20

Яқинда Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессияси Ўзбекистон туризмининг эртанги куни учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Ушбу тадбирларда иштирок этган Божхона қўмитаси ахборот хизмати ходими Ҳусан Тангриев бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессияси тадбирларида швециялик журналистларни ўз мамлакати байроғи акс этган кийимларда кўриб, ватанпарварлик намунаси деб ўйладим. Улар эса яқинда Бельгия-Швеция футбол ўйини вақтида 2 нафар футбол ишқибозининг ўлдирилганига жавобан ҳамдардлик маъносида шундай кийинганини айтишди.

“Биз Швеция пойтахтида яшасакда, ўзимни Стокгольмда хавфсиз ҳис қилмайман. Вазият шу даражага етиб бордики, биз ёнимизда нақд пул олиб юришга ҳам ҳадиксираймиз. Сизларда эса аҳамият бердим, одамлар кундузги вақтда ҳам, тунда ҳам мутлақо ўзларини хавфсиз ҳис қилишади” деди улар.

Президентимиз сессиянинг очилиш маросимида ҳам айнан сайёҳлар хавфсизлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтганларини шунда тушуниб етдим.

Нима учун шаҳарларимизда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳалари амалга оширилаётгани ва бу туризм учун нечоғлик зарур эканлигини тасаввур қилдим.

Яна бир масала, яқинда Грузияда бўлиб қайтдим. Тахминан 3,7 млн. аҳолига эга мамлакатга деярли 2 баробар кўп – 7 млн.га яқин сайёҳлар ташриф буюради. Денгизи борлигини инобатга олмаса, Грузияга нисбатан маданий ранг-баранглик, тарихий қадамжолар сони бўйича Ўзбекистон анча олдинда. Демак, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган мақсад – 2030 йилга бориб Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 15 млн.га етказиш учун барча имкониятлар бор. Отни эса эрта ёки индин эмас, айнан бугун қамчилаш керак.

Қайд этиш жоиз, туризм ривожида божхона ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кўҳна Регистонда бир гуруҳ чолу кампирларни кўрдим. Тожикистондан келишибди, Самарқанддан ҳайратланиб туришгани юзи кўзларидан маълум.

Тасаввур қилинг, атиги 7 йил аввал виза режими жорий қилинган иккала мамлакат фуқаролари бир-бирининг ҳудудида бу қадар эмин-эркин юришлари мумкинлигини ақлларига сиғдира олармидилар. Менимча, йўқ!

Қўшни давлатлардан атиги 10 долларлик товарларни божсиз олиб кириш нормасини эсласам, биз туристик салоҳиятимизни йиллар давомида ўз қўлимиз билан йўққа чиқарганимизни тушуниб етаман. Хайрият, бугун ҳаммаси, айниқса, қўшни давлатлардан келадиган сайёҳлар учун шароитлар тубдан ўзгарди. Ўнлаб чегара-божхона постлари очилди, “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий қилинди. Автомобилда ёки пиёда кирганда 300 долларлик товарларни божсиз олиб кириш йўлга қўйилди.

Ўтган йилда Самарқанд аэропорти бошлаб берган ва бугун барча халқаро аэропортларимизда жорий қилинган “Масофавий божхона назорати” тизими эса ҳаво йўллари орқали келиб-кетадиган сайёҳларнинг ўзлари пайқамаган ҳолда божхона назоратидан ўтишларига хизмат қилмоқда.

Келгуси йилда Ўзбекистон Қозоғистон чегарасидаги 3 та: “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довут ота” постлари мутлақо янгича қиёфада – замонавий божхона терминали тарзида қад ростлайди. Бу ҳам туризм ривожини муносиб рағбатлантиради.Кеча Божхона қўмитаси раиси Хитойда “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасидаги тадбирларда қатнашар экан, фурсатдан фойдаланиб Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон божхона хизматлари раҳбарлари билан алоҳида-алоҳида икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу учрашувларда ҳам асосий эътибор ўзаро ахборот алмашинувларини кенг қўллаш, божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш, божхона назоратини соддалаштириш ва жадаллаштиришга қаратилди.

Табиийки, бу ҳам туризм ривожида яхшигина туртки бўлади. Демоқчиманки, умуман барча соҳалар мамлакатда туризм салоҳиятини оширишга ўз ваколати доирасида ҳисса қўшиши шарт. Чунки, бу фақатгина Туризм қўмитасининг иши эмас! Бу умуммиллий ҳаракат, умуммиллий ишимизга айлансагина, Самарқанд сессиясида кўрилган масалалар реал ҳаётга кўчган бўлади, – деди Ҳусан Тангриев.

Шаҳноза Маматуропова ёзиб олди, ЎзА