Самарқанд вилоят ҳокими А. Бобоев туризм соҳаси масъуллари билан бирга Малайзия ва индонезиялик сайёҳларни “Умра плюс” дастури асосида Самарқандга жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.
ZOOM платформаси орқали ўтказилган муҳокамада Ўзбекистоннинг Малайзия ҳамда Индонезиядаги элчилари, туризм соҳасидаги мустақил консультантлар, авиакомпаниялар вакиллари иштирок этди.

Мулоқотда қайд этилганидек, Малайзия ва Индонезияда 7 миллион нафарга яқин Нақшбандия тариқати издошлари бор. Улар Умра зиёратига боришдан олдин Ўзбекистондаги қадамжоларни, хусусан, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишни истайдилар. Уларни Куала-Лумпур ёки Жакартадан Самарқандга олиб келиб, камида икки кун айлантиргач, Ўзбекистон самолётларида Умрага кетишларини таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Муҳокамада Адиз Бобоев Малайзия ва Индонезиядан зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар оқимини ошириш юзасидан йўл харитасини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга оширишда Малайзия ва Индонизиядаги элчилар билан ҳамкорликда иш олиб бориш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.

Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири