Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сайёҳ” – ўзликни ахтариш ва англаш йўлидаги асар
17:41 / 2023-07-10

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида қирғизистонлик атоқли адиб ва публицист, таниқли ижодкор Бегижон Аҳмедов ижодига мансуб “Сайёҳ” китобининг тақдимоти ўтказилди.

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева адабиётда ижодкорларнинг ҳамкорлиги қалам аҳлининг фақатгина фойдасига, сўз санъати ривожига, эзгуликка, маърифатга хизмат қилишини таъкидлади.  

Ўтган йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган Бегижон Аҳмедов самарали ижод қилиб келаётган, ўзбек-қирғиз адиблари ўртасидаги алоқалар ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ёзувчилардан саналади.  

–Халқимизда “Кўп бўлса ҳам, етмаса ҳам қабристонга бор!” деган нақл мавжуд, – деди атоқли ижодкор Нурали Қобул. – Бегижон Аҳмедовнинг қаҳрамонлари шу тоифадаги, ўзини, ўзлигини қидираётган инсонлардир. Бегижон Аҳмедовнинг асл касби ҳуқуқшунос. Демакки, унинг кўрганларини кўплар кўрмаган. Эҳтимолки, шу боис ҳам унинг асарлари таъсирчан ва ҳаётийдир.  

–Бегижон Маҳмудович кўнгли очиқ, софдил, ажойиб инсон, – деди “Шарқ юлдузи” – “Звезда Востока” нашрлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф. – Бу софдиллик Бегижон Аҳмедовнинг асарларида ҳам мужассамдир. Юракдан ёзилган асар албатта юракларга етиб боради. “Сайёҳ” ҳам кўнгилга етиб борадиган асардир. Ҳозиргача бу асар дунё халқларининг 10 та тилига таржима қилинган. Шу билан бирга, 30-40 та давлатда “Сайёҳ”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бугун энг глобал масалаларни ўрганаётган инсоннинг ўзи, унинг руҳияти, маънавияти, инсон моҳияти тадқиқ этилмаган, мутлақо  ўрганилмаган. “Сайёҳ” асарида Бегижон ака айнан шу мавзуни, яъни инсонни тадқиқ этишни асосий мавзуга олиб чиққан.  

–Инсоннинг табиати шундайки, у ўзи ҳақида ўйламасдан, балки бошқалар, бировларга баҳо беришни яхши кўради, – деди адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов. – “Сайёҳ”нинг қаҳрамони тоғу тошларда юриб, ўзлигини англашга, ўзини ахтаришга интилган инсондир. Бу асар интеллектуал адабиёт намуналаридан бири бўлишга даъво қиладиган асардир.  

–Мен бу гал Ўзбекистонга халқаро кузатувчи сифатида келдим, – деди қирғизистонлик адиб Бегижон Аҳмедов. – Cайлов жуда юқори савияда ўтди. Унда барчанинг – оддий одамлар билан халқаро кузатувчиларнинг фикри якдил бўлди. Айни пайтда ҳеч қандай қонунбузарликлар рўй бермади. Ижодкор сифатида шуни айтмоқчи эдимки, инсон умрининг мазмуни ўзгаларга яхшилик қилишда, яхшилик бўлганида ҳам, беминнат яхшилик қилишда экан. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида икки қардош халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш масъулияти менинг  зиммамдадир.  

Тадбирда “Сайёҳ” асари хусусида батафсил сўз юритилди.  

Назокат Усмонова, ЎзА