“Жамият-ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни ва натижадорлиги тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказилишида кўмаклашиш мақсадида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан хорижий давлатларнинг турдош ташкилотлари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган форумлар, учрашувлар ва бошқа ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар асосида тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай нуфузли анжуманларнинг навбатдагиси “Sayyoh – 2021” халқаро форуми Хоразм вилоятининг Хива ва Урганч шаҳарларида жорий йилнинг 4-7 май кунлари бўлиб ўтади.
Федерация ташаббуси билан Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари ташкилоти (Consumers International), Халқаро истеъмолчи жамиятлари конфедерацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “Sayyoh – 2021” халқаро форумини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланди.
Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ўртасидаги учрашувда, мазкур халқаро форумга муносиб тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув давомида ушбу форумни ташкил этишдан асосий мақсад, мамлакатнинг туризм салоҳияти ва жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш, туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштирилиши, туризмни ривожлантиришга қаратилган халқаро меъёр ва стандартлари имплементация қилиниши, туризм соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этилишида кўмаклашиш ҳамда туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида трансчегаравий мурожаатларни кўриб чиқиш ва соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат эканлиги таъкидланди.
“Sayyoh – 2021” халқаро форумида Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари ташкилоти (Consumers International) президенти Маримуту Надасан ҳамда бош директори Хелена Лоран, Халқаро истеъмолчи жамиятлари конфедерацияси бошқарувчи раиси Димитрий Янин иштирок этиш таклифини билдирган. Шунингдек, мазкур форумда олтмишга яқин хорижий давлатлардан экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА