Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёрамизда 1 миллиардга яқин ногиронлиги бўлган шахслар бор
14:36 / 2019-09-16

Инсон ҳаётида шундай босқичлар борки, бу даврда ҳар қандай одам оила, давлат, жамиятнинг меҳр-эътибори, кўмагига эҳтиёж сезади.


Инсон ҳаётида шундай босқичлар борки, бу даврда ҳар қандай одам оила, давлат, жамиятнинг меҳр-эътибори, кўмагига эҳтиёж сезади. Бу болалик ва кексалик йилларидир. Қолаверса, тақдир тақозоси билан туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсон ўзгаларнинг доимий кўмаги, меҳр-эътиборига муҳтож бўлади. Маълумотларга кўра, бугун сайёрамизда салкам 1 миллиардга яқин ана шундай ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқда. 

Мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдам беришнинг барқарор тизими жорий этилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Ушбу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида жорий йилда тўққизта тиббий-ижтимоий муассасада етмиш тўққиз миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилаяпти. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари томонидан ўн беш минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 мартдаги қарори асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши жамиятимизда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя тадбирлари самарадорлигини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу жамғарма маблағлари ногиронлиги бўлган шахсларга кўмак бериш, инклюзив таълимни ривожлантириш, реабилитация сифатини ошириш ва бошқа тиббий-ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилади.

– Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар доимий тиббий-ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори Алишер Иноқов. – Ҳозирги кунда мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламига бу йўналишда тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 11 та ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари, 8 та санаторий хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 33 та “Мурувват” ва “Саховат” уйлари фаолият юритяпти. Ушбу тиббий-ижтимоий муассасалар ҳозирда қарийб 70 мингга яқин эҳтиёжманд инсонларни қамраб олмоқда. .

Бу борадаги тадбирлар юртимизда инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини ҳуқуқий, тиббий-ижтимоий муҳофазалашни кучайтиришда муҳим қадам бўлмоқда.