Сайёр суд мажлисида шартли равишда 10 нафар маҳкум жазони ўташдан озод қилинди
Сайёр қабулда Президент Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим ва бошқа вазирликлар, мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳудудий сектор раҳбарлари иштирок этмоқда.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, одамларнинг муаммо ва таклифлари асосида жойлардаги масалаларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Сайёр қабулда Президент Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим ва бошқа вазирликлар, мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳудудий сектор раҳбарлари иштирок этмоқда.
Кегейли, Қораўзак, Мўйноқ, Қонликўл ва Хўжайли туманларида ўтказилган қабулларда турли соҳалар бўйича жами 1000 нафардан зиёд фуқаронинг мурожаати тингланди ва улардан аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. 200 нафарга яқин фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Шунингдек, оммавий қабул давомида сайёр суд мажлиси ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73- ва 74-моддасига асосан жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда 10 нафар маҳкум жазони ўташдан озод қилинди ва 9 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир тумани суди томонидан Амина Айтжанованинг жорий йил 2019 йил 29 сентябрь куни содир этган жинояти кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169- моддаси 2- қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, судланувчи томонидан содир этилган жиноят оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига кириши, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ва моддий зарар тўлиқ бартараф қилинганлиги, кам таъминланган оила қарамоғида 3 нафар фарзанднинг ёлғиз боқувчиси эканлиги, муқаддам жавобгарликка тортилмаганлиги ҳисобга олинган ҳолда, суд томонидан Жиноят кодексининг 70- моддасига асосан жазодан озод этилди.

Халқнинг мурожаатларини тинглаш билан бир қаторда, аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишилиб, уларни қийнаб келаётган масалаларни жойида бартараф этишга эътибор қаратилди. Мазкур қабуллар доирасида Халқ қабулхоналари, вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарияти, маҳалла раислари ва фаоллари ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳоли кайфияти, розилиги, куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганди. Бешта тумандан 222 та ёрдамга муҳтож хонадонга 195 тонна кўмир ҳамда 1155 та маиший газ баллони, ногиронлиги бўлган 27 нафар шахсга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламалари ва ҳасса таёқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Р.Ҳатамов Кегейли ва Қораўзак туманларида бўлиб, унда 12 нафар жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатларини тинглади.
Келиб тушган мурожаатлар асосан ички ишлар органига ишга кириш, 16 ёшга тўлганлиги сабабли фуқаролик паспортини олиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш ва бошқа масалалардан иборат бўлди. Ўтказилган қабул натижасига кўра улардан 11 нафарининг мурожаати қаноатлантирилди.
Қабул давомида вазир ўринбосари Қораўзак тумани “Ата макан” ва “Ғарезсизлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фуқаролар К.Ерлепесова ҳамда К.Сейдановаларнинг хонадонларида бўлди. Уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди ва моддий ёрдам кўрсатди.

– Мустақил мамлакатнинг фуқароси бўлиш қандай бахт, – дейди Чимбой туманидан Ғайратдин Усенов. – Тақдир тақозоси билан 1988-1993 йилларда Россия Федерациясида меҳнат қилишимга тўғри келди. Шундан бери фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшаб келдим. Сайёр қабулда менга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти топширилди. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида менга байрам туҳфаси бўлди. Энг асосийси, ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим.
Сайёр қабулнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Р.Ҳатамов Мўйноқ ва Қонликўл туманларида бўлди. Унда 12 мурожаат кўриб чиқилиб, 8 таси ижобий ҳал этилди.
Мўйноқ туманида яшовчи кам таъминланган фуқаро Э.Аймурзаеванинг яшаш шароити ўрганилганда, унинг хонадони таъмирга муҳтожлиги аниқланди. Уйни таъмирлаш учун тегишли идораларга топшириқлар берилди. Бундан ташқари, вазир ўринбосари тумандаги Тўқпоқ ота овулида жойлашган 11-мактабгача таълим муассасасига ҳам ташриф буюриб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди. Тарбияланувчиларга ўйинчоқлар топширди.
Ҳудудда сайёр қабуллар давом этмоқда.