Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайхунободнинг иқтисодий ва туризм салоҳияти ўрганилди
15:13 / 2025-09-13

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Агзамходжаев Сайхунобод туманига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва йирик лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Учрашувлар давомида туманда иқтисодиёт, инвестиция, туризм ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаларида эришилаётган натижалар муҳокама қилинди.

Аввало, сенатор “Иттифоқ” маҳалласидаги намунавий хонадонларда бўлиб, томорқачилик орқали аҳоли даромадларини кўпайтириш, аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарасини кўздан кечирди. Ушбу тажрибалар маҳаллий аҳоли иқтисодий барқарорлиги ва турмуш сифати ошишида муҳим омил экани қайд этилди.

Шунингдек, “Гулистон” маҳалласида маҳалла еттилиги, депутатлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари билан мулоқот ўтказилди. Унда маҳалла фаолияти самарадорлиги, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Сайхунободнинг туризм салоҳияти ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, Сирдарё бўйида “Fazilat Group” МЧЖ томонидан барпо этилаётган замонавий туризм маркази қурилиши билан танишилди. Бу маскан келгусида туманда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, ички ва ташқи сайёҳлар учун замонавий хизматлар кўрсатишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

“Фаровон” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган йирик саноат лойиҳалари ҳам сенатор эътиборида бўлди. Жумладан, Марказий Осиёда ун, ёғ ва озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланган “Beshefar Group” ҳамда парранда гўшти тайёрлашга ихтисослашган “Abdul Razak Group” корхоналари, шунингдек, “Sayxun Karwan” МЧЖда олиб борилаётган қурилиш ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишилди.

Ташриф доирасида маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан учрашувлар ўтказилиб, туманнинг инвестиция салоҳияти, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, миллий бренд маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

–  Сайхунободда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа аҳоли турмуш даражасини оширишга, янги иш ўринлари яратишга ва бутун вилоят иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Биз маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун қулай шароит яратишда парламент томонидан зарур кўмакни берамиз,  –  деди Алишер Агзамходжаев.

Сенатор таъкидлаганидек, саноат ва туризм йўналишидаги бундай лойиҳалар нафақат туман, балки бутун Сирдарё вилояти тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири