Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайхунободлик ўқитувчи 2000 доллар маош олмоқда
17:42 / 2025-10-15

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, тарих фани мутахассиси Орзимат Зарипов ойига 2000 доллар миқдорида маош олмоқда. Бу ҳолат қишлоқ мактабларида ҳам таълим соҳасидаги давлат ислоҳотлари самара бераётганининг ёрқин исботидир.

Сўнгги йилларда таълим тизимини модернизация қилиш, устозлар нуфузини юксалтириш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида Президент ташаббуси билан бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ижроси натижасида ўқитувчиларнинг маоши сезиларли даражада оширилди, малака ва натижага қараб баҳолашнинг янги тизими жорий этилди.

– Илгарилари бундай маошни фақат орзу қилардик, – дейди Орзимат Зарипов. – Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан таълим соҳасига бўлаётган эътибор, ўқитувчи меҳнатига берилган ҳақиқий баҳо бизга катта куч ва иштиёқ бахш этмоқда. Бу нафақат моддий рағбат, балки ишга бўлган муҳаббатимизни янада кучайтирувчи руҳий қўллаб-қувватлаш ҳамдир.

Орзимат Зарипов 8 йилдан бери ушбу таълим муассасасида фаолият юритиб келмоқда. У дарсларда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиб, ўқувчиларнинг фанга қизиқишини ошириш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга эришган. Шу боисдан у тумандаги илғор ўқитувчилардан бири сифатида тан олинган.

Мазкур мактабда ҳозирда 732 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 52 нафар ўқитувчи таълим бермоқда. Мактаб Сирдарё вилоятидаги рейтинг кўрсаткичларига кўра етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Жорий йилда битирган 47 нафар ўқувчининг 60 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилингани буни яна бир бор тасдиқлайди.

– Мактабимизда “Беш муҳим ташаббус” доирасида нафақат спорт, балки фан тўгараклари ҳам фаол йўлга қўйилган, – дейди мактаб директори Абдухалил Ғоффаров. – Ўқитувчиларимиз доимо ўз устида ишлаб, ўқувчиларнинг билим кўрсаткичини оширишга интилишмоқда. Орзимат Зарипов каби юқори маош оладиган педагоглар сони ортиб бораётгани — бу тизим самарадорлигининг амалдаги кўрсаткичи. Масалан, биология фани ўқитувчиси Салима Жавлонова, рус тили ўқитувчиси Диляра Бўронова ва инглиз тили фани ўқитувчиси Гўзал Яҳшибоевалар ҳам минг доллардан зиёд маош олишмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу каби ислоҳотлар нафақат устозларнинг нуфузини оширади, балки қишлоқ мактабларида таълим сифатига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Моддий рағбат ва меҳнатни адолатли баҳолаш тизими ўқитувчиларнинг масъулияти, изланишлари ва олдинга интилишларини кучайтиради.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири