Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги Турон маҳалласида 2 гектар майдонни эгаллаган табиий кўл ҳудудида замонавий дам олиш маскани ва балиқ овлаш инфратузилмаси барпо этилмоқда.
Лойиҳа ички туризмни ривожлантириш, аҳоли учун маданий ҳордиқ чиқариш имкониятларини яратиш, экологик соф ҳудудда бўш вақтни мазмунли ўтказиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган. Бу орқали туманнинг инвестицион жозибадорлиги ошиши, аҳоли турмуш даражаси ва дам олиш маданияти янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда.


Умумий қиймати 1,4 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида пиёдалар йўлаклари, дам олиш ўрингоҳлари, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, 800 метрлик суғориш тармоғи тортилади. Иккита замонавий насос станцияси ва янги электр трансформатори ўрнатилиши режалаштирилган. Шунингдек, ҳудудда кичик сайёҳлик павильонлари, кўл бўйи чойхонаси ва болалар майдончаси қурилиши ҳам кўзда тутилган.

– Дам олиш маскани ишга тушгач, 10 та янги хизмат ва сервис объектлари ташкил этилади, 30 та янги иш ўрни яратилади, – деди туман ҳокими Комилжон Муллажонов. – Энг муҳими, бу ердаги табиий муҳитни асраб-авайлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш учун барча шарт-шароитлар яратилади. Қувончлиси, объект жорий йил якунига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, янгидан барпо этилаётган маскан нафақат туман аҳолиси, балки қўшни ҳудудлардан келувчи меҳмонлар учун ҳам севимли ҳордиқ ва туризм манзилига айланиши кутилмоқда. Бу эса ички туризм салоҳиятини ошириш, маҳаллий иқтисодиётга қўшимча даромад манбалари яратишда ҳам қўл келади.
Ғулом Примов, ЎзА