Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги Шодлик маҳалласида жойлашган Анвар Рўзиев хонадонида фермерлар ва тадбиркорлар учун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг кутилган тадбирлардан бири — “Лимон ҳосили сайли” ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади маҳаллий фермерларнинг меҳнатини қадрлаш, улар ўртасида тажриба алмашиш ва маҳаллий лимончиликни ривожлантириш эди. Маҳаллада лимончилик билан шуғулланувчи оилалар сони 10 дан ошади. Анвар Рўзиев бу соҳадаги билим ва тажрибаларини акалари Адҳам ва Акром Рўзиевлардан ўрганган, чунки улар 10 йилдан ортиқ иссиқхона шароитида лимон етиштириб келишмоқда.

Тадбирда фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, агротехнологлар ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари иштирок этишди. Уларнинг муҳокамаларида иссиқхонада лимон етиштиришнинг самарали усуллари, ҳосилдорликни ошириш омиллари, сув тежамкор технологиялар ва маҳаллий шароитга мос навларни танлаш масалалари кўтарилди.

Сайл доирасида маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда Сайхунобод, Ховос ва Гулистон туманларидан келган фермерлар ўз лимонларини намойиш этишди.. Ҳар бир иштирокчи тўплаган тажрибаси билан ўртоқлашиб, лимончиликда инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича амалий тавсиялар берди.

Шунингдек, “Туронбанк” АТБ вакиллари лимончилик йўналишида тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар, лизинг ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берди.
Маҳалладаги фермерлардан Адҳам Рўзиев сайил ҳақида шундай фикр билдирди: – Хонадонимда 8 сотих иссиқхонада лимончилик билан шуғулланаман. Укам Адҳам 10 сотих, кичик укам Анвар эса 4 сотихда лимон етиштириб келади. Бугун маҳалламизда, яъни укам хонадонида ўтказилган сайил нафақат мўл ҳосил байрами, балки бир-биримиздан тажриба олиш ва янги усулларни ўрганиш имкониятидир. Мен ҳар йили ўз иссиқхонамда янги технологияларни синаб кўраман, ва бу тадбирда уларни бошқалар билан ўртоқлашиш жуда муҳим, – деди у.

Шу тариқа, “Лимон ҳосили сайли” нафақат мўл ҳосил байрами, балки фермерлар учун амалий тажриба, ҳамкорлик ва барака майдони сифатида ҳам аҳамиятли бўлди. Ушбу ташаббус келгусида вилоятда лимончиликни экспортбоп тармоқ сифатида ривожлантиришга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири