Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайхунобод ва Уйчи туманлари тажрибалари асосида ишлар йўлга қўйилмоқда
19:16 / 2024-09-19

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиздаги Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманлари тажрибалари ўзини оқлагани, бу каби тажрибаларни бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланганди.

Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида Сайхунобод ва Уйчи туманлари тажрибалари асосида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож , камбағал қатламини қисқартиш, ишсиз ва норасмий банд бўлган ёшларни иш ўринларига жойлаштириш борасида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.

Аввалига Уйчи тумани тажрибаси асосида аҳолининг барча қатлами хатловдан ўтказилиб, 6892 нафар ишсиз ва норасмий банд бўлган фуқаро рўйхати шакллантирилиб олинди. Шундан сўнг, 638 нафар ишсиз фуқаро доимий ишга жойлаштирилиб, улар бандлиги таъминланди. Норасмий даромадга эга бўлган 5588 нафар фуқарони "Soliq.uz" платформасидан ўтказиш ҳисобига камбағаллик даражаси 15 фоиздан 11,8 фоизга камайтирилди.

[gallery-19359]

Аҳамиятлиси, камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллалар танланиб, ижтимоий реестрда турган, аммо меҳнатга лаёқатли, расмий даромадга эга бўлмаган аҳоли қатламини даромадли қилиш, ўз йўлларини топиб кетишга кўмаклашиш мақсадида манзилли ишлар ташкил этилди. Бу эса ўз натижасини кўрсатмасдан қолмади.

Мисол учун айтганда, тумандаги Илғор ва Ширин маҳаллаларида ижтимоий реестрда турган хонадонлар хатловдан ўтказилиб, ҳар бир маҳалладан намуна асосида 20 тадан, жами 40 та хонадон ажратиб олиниб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилди. Бунда маҳалла еттилигида мавжуд бўлган 99 та инструментдан фойдаланиш режа қилиниб, уларга туман даражасидаги 10 нафар масъул раҳбар ходим нома-ном бириктирилди.

Натижада ажратиб олинган хонадон, унинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди. Унга кўра, Илғор маҳалласида истиқомат қилаётган ва ажратиб олинган 20 та хонадоннинг 10 нафар аъзоси даволанишга муҳтожлиги, 6 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қуйиш, 3 нафари иссиқхона ташкил этиш, 4 нафари уй саноатини йўлга қуйиш, 8 нафари субсидия олиш, 5 нафари касб-ҳунарга ўқитиш, 1 нафарининг ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлашиш истаги борлиги аниқланган бўлса, 3 нафар фуқаронинг психологик хизматларга муҳтожлиги аниқланиб, уларга ёрдам кўрсатилди. 4 нафар фуқарога томорқадан фойдаланиш бўйича аниқ таклиф берилиб, 1 нафар талабанинг шартнома пули тўланди.

–Бундан бир- бир ярим йил муқаддам қайнотам ва қайнонам соғлиқ билан боғлиқ муаммога дуч келиб, бири ўн икки бармоқли ичак, иккинчиси эса аёллар касаллиги билан боғлиқ операцияни бошдан кечирди,–дейди Илғор маҳалласида истиқомат қилаётган Муножат Назарова.–Натижада оиламизда иқтисодий муаммолар кузатилди. Анча қийналдик. Шундан сўнг маҳаллага мурожаат қилдим. Улар шарт-шароитимиз, оилавий аҳволимизни ўрганиб, мени "Аёллар дафтари" рўйхатига киритди. Ва шу билан бирга, тикувчилик йўналишида уқувим борлигини билгач, менга имтиёзли кредит асосида тикув машинаси ва оверлок, қайнотамга қўйчиликни ривожлантириш учун 10 миллион сўм пул маблағи, қайнонамга паррандачилик билан шуғулланиши учун 30 дона, наслдор "Қора шаҳзода" товуғини беришди.

Давлатимиз раҳбарига минг ташаккур. У кишининг аҳолининг ишсиз ва даромади йўқ қатламини даромадли қилиш юзасидан берган тавсиялари туфайли тикувчилик ортидан пул топиб, рўзғоримиз бюджетига ўз ҳиссамни қўшяпман. 4 сотихли томорқага рўзғор учун керакли бўлган резавор экинларни экиб, дастурхонимиз тўкин, рўзғоримиз бут бўлишига эришяпмиз. Турмуш ўртоғим шлакоблок ишлаб чиқариш цехида ишлаб, топган тўрт-беш сўм пул маблағи ҳисобига уй кўтаряпти. 

Муножат каби ёшлар Сайхунобод ва Уйчи туманлари тажрибалари асосида ишли бўлган бўлса, касб-ҳунарли бўлиш истагида бўлганлар учун касб-ҳунарга ўқитишга ихтисослашган Мономарказ фаолияти қўшни маҳалла ҳудудида йўлга қўйилди. Бу эса ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиб қолмай, вақтни тежаш имконини бермоқда. Ўтказилган хатлов ва ўрганишлар давомида ушбу ҳудуд драйвер соҳаси ҳам аниқланиб, иссиқхона, қандолатчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, тикувчилик, уй саноати, новвойчилик йўналишларида тадбиркорчилик қилиш истагида бўлган ва реестрда турган фуқароларга микро ва ижтимоий пакет лойиҳалари доирасида ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди.

Бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино ва иншоот ҳамда ер майдонлари қайта хатловдан ўтказилди. Бунинг натижасида Илғор ва Ширин маҳаллалари ҳудудида 14 та нотураржой– фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар аниқланди.

Ушбу бино ва иншоотлардан фойдаланиш юзасидан йўл харитаси тузилиб, унга кўра оёқ кийим ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, иссиқхона ва бино- иншоотларида иссиқхона хўжалигини ташкил этиш, макарон ишлаб чиқариш, хусусий боғча ташкил этиш, эмульсия ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш йўли орқали бандлиги таъминланмаган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

53 та кўча, 1073 та хонадондаги 133,1 гектар томорқа ер майдонлари ҳам ўрганилиб, самарасиз ётган 9,1 гектар томорқа ер майдонларига Сайхунобод тумани тажрибаси асосида саримсоқ пиёз, кўкат ва бошқа резавор экин турлари экилмоқда. Бу эса аҳолига қўшимча даромад келтирибгина қолмай, улар дастурхонларининг тўкин бўлишига хизмат қилади.

–Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш агентлиги мутахассисларини жалб этган ҳолда маҳаллаларда уй шароитида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик фаолиятини ривожлантириш мақсадида "Бир кўча –бир маҳсулот" тамойили асосида 4 миллиард 330 миллион сўм қийматда бўлган 120 та янги лойиҳа шакллантирилди,–деди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳиддин Мадаминов. – Бунинг натижасида 99 та чорвачилик, 7 та паррандачилик, 4 та асаларичилик, 10 та балиқчилик йўналишидаги ишлар йўлга қўйилиб, ёшлар бандлиги таъминланади.

Йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ички йўлларга тош-шағал, асфальт - бетон ётқизиш, табиий газ, ичимлик суви, электр энергия тармоқлари ҳолати юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ички ариқлар хатловдан ўтказилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ишлари бошланди.

–Ушбу ҳудудлар аҳолисининг саломатлигини яхшилаш ва уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида нафақат туман, вилоят даволаш-профилактика муассасаларимизнинг тор доирадаги мутахассислари иштирокида тиббий кўрик ҳам ташкил этдик,– дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов. –784 нафар фуқаронинг саломатлик кўрсаткичини индивидуал текширишдан ўтказдик. Бунинг натижасида 266 нафар беморда 12 турдаги касаллик аниқланиб, 78 нафари туман даражасидаги стационарга, 7 нафари вилоят даражасидаги, 1 нафари Республика даражасидаги муассасаларда даволаниш учун йўналтирилган бўлса, 698 нафар фуқарога амбулатор даво чоралари буюрилди.

Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг ташкилотга қамровини ошириш мақсадида 2 та 125 ўринли уй боғчасини очиш истагида бўлган ташаббускорларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Муҳими, бу каби ишлар тумандаги Қуёш маҳалласида ҳам ташкил этилиб, аҳолининг камбағал қатламини реестрдан чиқариш, уларга муносиб шарт-шароит яратиш ишлари олиб борилмоқда.

–Аҳолимизнинг қарийб 70 фоизи иссиқхона йўналишида, 20 фоизи чорвачилик, паррандачилик ва ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатади,– дейди "Қуёш" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бобур Жабборов.– Ночор оилалар, ишсиз фуқаролар бор. Ишлай деса иш ҳам. Чунки, иссиқхона хўжалиги маҳалламизнинг драйвер соҳаси бўлиб, 3 сотихдан 3 гектаргача бўлган иссиқхоналаримиз бор. У ерда 3 мавсумда помидор, бодринг, саримсоқ пиёз етиштирилади. Етиштирилган маҳсулотларнинг каттагина қисми Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинса, қолган қисми Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёдаги харидорларга етказиб берилади. Энг асосийси, аҳолимиз ҳар бир мавсумда яхшигина даромад олади. Шу боисдан, "Қуёш тажрибаси" ҳам ўзини оқлаб, Сайхунобод ва Уйчи туманлари тажрибаларидан асло қолишмайди.

–10 сотихли иссиқхонам бор,–дейди Бенали Бакрадзе.– Бу йилги мавсумда уч марта экин эканман. Айни вақтда эса помидорларим пишиб етилди. "Замира" нав жуда серҳосил. 10 сотихдан 10 тонна помидор териб олса бўлади. Ҳозир пишган помидорларимизни экспортёрларга 12,5 минг сўмдан етказиб беряпман. Бу иш билан нафақат мен, бутун оиламиз шуғулланади. 

Энг муҳими, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида Сайхунобод ва Уйчи туманлари тажрибалари асосида бошланган хайрли ташаббус туманни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, миграция ва камбағалликни кескин қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда томорқалардан самарали фойдаланиш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг даромадлари ошишига, дастурхонларининг тўкин бўлишига хизмат қилади.

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири