Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайхунобод тажрибаси самара бермоқда
17:55 / 2024-09-04

Томорқа хўжалигидан оқилона фойдаланиш, уни даромад манбаига айлантириш аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим йўлларидан биридир.Мамлакатимиз раҳбарининг бу ташаббуси шу кунларда нафақат Сайхунобод туманида, балки бутун мамлакатимизга кенг жорий этилмоқда.

Сайхунобод тажрибасининг самарасини шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш даражаси юксалаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Илгарилари кўплаб хонадон соҳиблари ўз томорқасининг бўш турмаслиги учун маккажўхори ва беда экиб банд қилишар, рўзғор учун керакли бўлган полиз, сабзавот маҳсулотлари ва мева- чевалар учун бозорга югуришарди.  

Юртбошимиз ташаббуси билан ҳар бир хонадонда табиий иситиладиган кичик иссиқхоналар барпо этиш йўлга қўйилди. Бу иссиқхоналар турли хил эрта пишар кўчатлар билан таъминланди. Кўп қаватли уйларда яшовчилар учун имкониятига қараб суғориладиган экин майдонларидан ерлар ажратиб берилди. Натижа кутилгандан ҳам зиёда бўлаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

–Томорқамда тўрт сотих майдонга иссиқхона қургандим, –дейди Фаровон маҳалласида яшовчи Юсуф Мирзаев. –У ерга эрта пишар помидор кўчати эккандим. Уч марта ҳосилини йиғиштириб олганимдан сўнг иссиқхона учун сарфлаган маблағим қопланди. Ҳали яна икки марта ҳосил йиғиштириб олиш имкониятимиз бор. Бундан ташқари, очиқ майдонларимизга болгар қалампири, гармдори, бақлажон ҳам экканмиз. Уларни ҳам пешма- пеш йиғиштириб, бозорга чиқараяпмиз.

Бундай илиқ гапларни бошқа юртдошларимиздан ҳам кўп эшитдик. Улар нафақат ўзларининг бандликлари ҳақида, ҳаттоки даромадининг ҳар йилгидан  ортганини айтишиб, бу ташаббуснинг ижрочиларига ўз миннатдорчиликларини билдиришмоқда.

Сайхунобод тажрибаси ўзининг истиқболи порлоқ эканлигини амалда кўрсатди. Биргина туманнинг ўзида аҳоли томорқасида етиштирилган сабзавот ва полиз маҳсулотларидан 8000 тоннаси экспортга йўналтирилди. Шу билан бирга ички истеъмол учун 28000 тонна маҳсулот сотилди.

Тумандаги тижорат банклари мутассаддиларининг маълум қилишича, айрим томорқа эгалари томонидан иссиқхона қурилиши учун олинган қарзларни муддатидан олдин сўндириш ҳаракатлари ҳам бошланган. Фуқаролар йиғинлари томонидан ҳар бир хонадондаги томорқаларда етиштирилган маҳсулотлар миқдори, уларнинг сотилиши, аҳолининг бундан олаётган даромадлари ҳам қатъий назоратга олинган. Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томорқа эгаларининг яхши даромад қилишаётганини алоҳида эътироф этишмокда.  

Тан олиш керакки, Сайхунобод тажрибаси деб эътироф этилган бу ҳаракатга дастлаб шубҳа билан қаровчилар ҳам бўлди. Аҳоли ўртасидаги тушунтириш ва уларнинг бу ҳаракат истиқболига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар бесамар кетмади.  

Бу ҳаракат Сирдарё вилоятининг бошқа қишлоқ ва маҳалаларида ҳам катта самара берганини билишнинг ўзи қувонарли ҳолат. Айниқса, ёшлар шу кунларда янги орзу- истакларини дилларига жойлаган ҳолда қишки мавсум учун ўз иссиқхоналарини шайлашмокда.  

Эркин Саидов,

ЎзА