Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайхунобод тажрибаси Қорақулончида ҳам оммалашмоқда
11:28 / 2024-04-27

Қоракўл тумани марказидан қарийб 30 километр узоқликда жойлашган, жанубдан Туркманистон Республикаси билан чегарадош “Қорақулончи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 453 та хонадон истиқомат қилмоқда. Маҳаллада аҳолининг томорқа ери 140 гектарни ташкил этади.

Шундан қарийб 3,5-4  гектарда қорақулончиликлар иссиқхона барпо этиб, йил бўйи пешма-пеш сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш тажрибасини ўзлаштиришган. Олис маҳалла миришкорлари пешона тери билан ўтган йили 150 тонна атрофида помидор, 100 тонна бодринг, яна шунча пиёз, 500 тонна атрофида ошқовоқ, 500 тоннадан ортиқ картошка захира қилишган эди. Шунингдек, бу маҳалла томорқачиларининг бошқалардан фарқли жиҳати, ҳудудда карамнинг бир неча турини етиштириш оммалашган.

Икром Давлатов хонадонида бўлган киши бу бўйича яққол хулосага келади.

–Президентимиз шунча шароит яратиб бераяпти, –дейди томорқа эгаси Икром Давлатов. –Барча имкониятлар бор. Ҳоким ёрдамчиси томонидан кўп таклифлар илгари сурилди. Оила аъзоларимиз билан келишилган ҳолда томорқамизда иссиқхона қуришга аҳд қилдик. Шу иссиқхона ортидан даромад кўриб турибмиз. Помидор, бодринг, булғор қалампирининг ҳамма кўчатларидан етиштираяпмиз. Бозорда сотувини ташкил қилганмиз. Худога шукур ёмон эмас. Меҳнат қилсангиз, албатта роҳатини кўрасиз. Йил давомида 60-70 миллион сўм даромад оляпмиз.

–Давлат раҳбарининг ташаббуси билан “Сайхунобод тажрибаси” доирасида амалга ошираётган ишларимиз ўзининг натижасини бермоқда, –дейди Қоракўл тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Санжар Ҳусенов. –Туманда тижорат банклари билан ҳамкорликда ҳар бир маҳалламизга банк ходимларини бириктирдик. Хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳар бир  маҳалладан кам таъминланган, кам даромадли бўлган 5 тадан 7 та гача томорқасидан самарасиз фойдаланаётган хонадонларни танлаб олдик. Президентимиз барча молиявий ресурсларни ечиб берган. Шу тажрибани амалга ошириш учун кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.  

Маҳаллий навга мансуб бош карам, шунингдек, салатбоп гулкарам ва яна броколли, корейс карамини экиб етиштириш хўжаликларга яхшигина даромад келтирмоқда. Маҳалла аҳли томонидан етиштирган карамлар анчадан буён бозор пештахталарида сотиляпти. Жумладан, Қувондиқ Чориевнинг томорқачиликдаги омилкорлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Миришкор деҳқон 15 сотихли томорқасида плёнка остида эртапишар карам, гул карам, ошқовоқ каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биринчилар қаторида етиштириб, аввало ўз эҳтиёжидан ташқари бозорлар тўкинлигини таъминламоқда. Асосийси, ҳалол меҳнати орқасидан муҳтожлик билмай,тўкин яшамоқда.

–Аҳолимизнинг асосий драйвери томорқачилик, чорвачилик ҳисобланади, –дейди Қоракўл тумани ҳокимининг “Қорақулончи” МФЙдаги ёрдамчиси Ҳасан Ҳамроев. –2022 йилда аҳолимизга ажратилган 1 миллиард 400 миллион сўм имтиёзли кредитлар ҳисобига 65 нафар тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Кредитларнинг имтиёзли ва ажратиш тартиби соддалашганлиги ҳисобига аҳолимизнинг тадбиркорликка бўлган иштиёқи ортиб бормоқда. Ҳудудда 2022 йилга нисбатан 2023 йилда тадбиркорлик бир ярим бараварга ошди.    

Айтишларига кўра, карамнинг эртапишар ва чет эл дурагайларидан 10 дан ортиқ серҳосил навларини айнан Қорақулончида учратиш мумкин. Ҳозирда “Бир маҳалла–бир маҳсулот” тамойили асосида бошқа хонадонларда ҳам бу усулни оммалаштириш бўйича иш олиб бориляпти. Шунингдек, томорқалардаги ихчам иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бодринг, ошқовоқ ҳам оилалар учун яхшигина даромад қелтирмоқда.

[gallery-17129]

Қайси бир хонадонда бўлманг, паррандачиликни, асаларичиликни ҳам йўлга қўйган. Дала четларида серҳосил ток ва мевали дарахт кўчатларини кўпайтириш урф бўлган. Буларнинг бари ҳудудларда аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданияти кун сайин ортиб бораётганидан далолатдир.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари