English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Сайхунобод тажрибаси" – фаровонлик сари йўл
10:17 / 2024-04-12

Сайхунободга кириб борар экансиз, йўл бўйида дарахтларга шакл бераётган, уларни оқлаётган одамларга кўзингиз тушади. Кўчалар гавжум. Ҳамма юмуш билан банд. Бир пайтлар бу ерлар Мирзачўлни ўзлаштиришдаги энг оғир ҳудудлардан бўлган, деса ишониш қийин.

Ўтган асрнинг ӯттизинчи йилларидан эллигинчи йилларигача  шӯрхок, ботқоқ ва қамишзордан иборат бӯлган бу ерларга республикамизнинг тоғли ҳамда аҳолиси гавжум вилоятларидан одамлар кӯчириб олиб келинган. Кӯчиб келганлар дастлаб  қамиш капаларда яшаган.Оғир ва қийин шароитда ер очиб, деҳқончилик қилишган. Иккинчи жаҳон урушидан олдин гектаридан 12-15 центнердан ҳосил берадиган ерлардан кейинчалик, яъни ўтган асрнинг етмишинчи йилларида 40 центнердан ҳосил олина бошлаган. Бунинг замирида эса машаққатли меҳнат ётади. Сайхунободдан ўнга яқин Меҳнат Қаҳрамонлари  етишиб чиққан. Бушуев зотли қорамоллар насли ҳам айнан шу заминда, дарё бўйларида яратилган. Шўрўзак қишлоғида эса биринчи бор дренаж тизимига асос солиниб, шўрнинг ўзаги қирқилган.  Бугун ҳам бу ерда ўша миришкор деҳқонлар, моҳир боғбон ва соҳибкорлар, тажрибали чорвадорларнинг авлодлари умргузаронлик қилишмоқда.Фақат энди фарқ шундаки, бугунги одамларда яхши, фаровон яшаш учун  катта имконият, шароитлар  бор. Бироқ ана шу имкониятлардан етарли фойдаланилаяптими?  

Давлатимиз раҳбарининг Сайхунободга ташрифи чоғида шулар ҳақида фикр юритилди. Президентимиз  одамлар яхши яшашга интилаётгани, бунинг учун томорқа имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлиги, уларга маблағ ва кўмак бериб, даромад манбаи яратиш кераклигини таъкидлади.

–Юртбошимиз тўғри айтдилар, туманнинг энг катта захираси ҳам, имконияти ҳам  ер. Аҳолимиз 20 сотих, ҳатто ундан ҳам кўпроқ томорқаларга эга,– дейди Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Сайхунобод туман бўлими бошлиғи, туман Кенгаши депутати  Тоҳир Жавлонов. – Президентимиз ташрифидан сўнг “маҳаллабай” тарзда маҳалла драйверлари ўрганилаяпти. Туманимизда томорқа майдони 3340,6 гектарни ташкил қилади. 4220 та хонадон, яъни 30 фоиз аҳоли томорқадан самарали фойдаланиб келаётганлиги, қолган 70 фоизи эса   фақат оила эҳтиёжи учунгина помидор, бодринг булғор қалампири, картошка экаётганлиги бор гап.  Энди сайхунободликларнинг хонадонларида катта ўзгаришлар бўлади. Илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳалланинг ҳар бирига биттадан мини трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб берилди. Ҳоким ёрдамчилари “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқишмоқда. Маҳалладаги агрономлар билан бирга томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматлари кўрсатилади. Камхарж, эҳтиёжманд оилалар учун бундай хизматлар бепул амалга оширилади. Бу тажриба бутун республикада оммалаштириладиган бўлди. Бунинг учун биз, сайхунободликлар намуна бўладиган даражадаги ишларни амалга оширишга аллақачон киришганмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш, аҳолининг бу соҳада билимини ошириш учун намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этиш кўзда тутилганди. Шунга кўра  Сайхунободдаги маҳаллаларнинг бир неча хонадонлари томорқаларида турли йўналишларга ихтисослашган намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилди. Уларда одамлар томорқадан қандай натижа олишни ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Бундай ўзига хос усулда йўлга қўйилган томорқачилик  аллақачон кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, Иттифоқ маҳалласидаги Рисолат Ғуломова хонадони томорқасида ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар кўмагида кичик интенсив боғ яратилди. Энди бу хонадондагилар икки сотихли иссиқхонада лимон, турли кўкатлар, кўчатлар етиштириш, 5 сотих ер майдонидан бир қанча йўналишда бир йилда умумий ҳисобда 70 миллион сўм атрофида соф фойда кўриш имкониятига эга.

Зулфия Нуралиева хонадони томорқасида эса академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти томонидан олма, анор кўчатлари экилган боғ барпо қилинди. Қатор ораларига экилган терак қаламчалари ҳадемай қад кўтаради.  

Ҳали яна кўплаб хонадонларда бундай лойиҳалар амалга оширилади. Мақсад одамларни бор имкониятлардан тўла фойдаланиб, даромад олишга, турмуш шароитларини яхшилашга, фарзандлар келажаги учун сармоя топишга ўргатишдир.

Айрим мутахасислар Фарғона водийси вилоятларидаги 6 сотих томорқадан олинаётган даромад бу ердаги катта томорқалардан олинаётган даромаддан бир неча ҳисса кўп, дейишмоқда.Шу ўринда шароит, ернинг таркиби, деҳқонларнинг билим даражаси ҳисобга олиниши керак, назаримизда.  

[gallery-16932]

Халқимизда “Қанча еринг борлигини айтма, қанча сувинг борлигини айт” деган ҳикматли сӯз бор.Туманнинг Фаровон маҳалласидагилар ўн беш йиллардан буён томорқаларини  оқар сув билан суғормайди. Аҳоли 12 метрдан 25 метргача бӯлган қудуқлардан сув тортгич насослар орқали экинларини суғоради. Бу сув ернинг ҳолатига салбий таъсир кӯрсатиб, ҳосилдорлик йилдан йилга пасаймоқда.

Энди сайхунободда тадбиркорлик, томорқачилик билан шуғулланиш истагида бўлганлар  ўқитилади.  Паррандачилик ва чорвачилик йӯналишида ветеринария хизматини тӯғри ташкил қилиш, участкаларга биркитилган ветеринарларнинг масъулиятини ошириш, уларни хусусий сектор билан яқиндан алоқа ӯрнатишларига эришиш  саъй-ҳаракатлари бошланиб кетган. Тадбиркор товуқ олмасдан мутахассис товуқхона шароитини кӯздан кечириб, ӯз хулосасини беради, товуқларнинг кундалик рационини белгилайди. Энди паррандабоқар тадбиркорнинг давлат кредити ҳисобига фалон миллион сӯмга олган товуқлари бир ой ӯтмасдан қирилиб кетмайди...

Томорқадан унумли фойдаланиш учун тадбиркор оила иссиқхоналарда етиштирадиган экинининг агротехникасини яхши билиши зарур. Шуни назарда тутиб, уларга малакали мутахассислар, агрономлар бириктириб қўйилмоқда.  

Президентимиз “Бу йил иқтисодиётимизда ҳаётий уйғониш ва юксалиш бўлади” деди томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида. Шу билан бирга одамлар яхши яшашга интилаётгани, уларга маблағ ва кўмак бериб, даромад манбаи яратиш зарурлигини таъкидлади.  

Йиғилишда Сайхунобод тумани мисолида ҳудудлардаги муаммолар ва фойдаланилмаётган имкониятлар кўрсатиб ўтилди.  

Давлатимиз раҳбари тумандаги муаммоларни санаб, уларнинг ечимларини белгилаб берди. Энг аввало, Сайхунободда 17 мингта хонадонда томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали, аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди.

–Давлатимиз раҳбари камбағалчиликни тугатиш, халқнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш учун туманга кӯпроқ инвестиция киритиш, кичик бизнесни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш, хусусий секторда чорвачилик, парандачилик қуёнчилик,балиқчиликни ривожлантириш борасида йўл-йўриқлар бердилар,– дейди туман Кенгаши депутати Эркин Саидов, –Энди бизда ҳамма имконият бор. Президентимизнинг айнан бизнинг туманимизга ташрифидан қувондик, кўнгил яқинлигини туйдик. Маҳаллаларга, кўчаларга, хонадонларгача кириб боришларини бир ибрат билдик. Мен ҳам тадбиркорман. Фаолиятимни йўлга қўйишда кўп қийинчиликларга учраганман. Бугун энди ҳаммаси бошқача.Меҳнат қиламан,даромад топаман, деган ҳар бир инсонга имконият эшикларигина эмас, дарвозалари очилди.    

Дарҳақиқат, Сайхунободда бирин-кетин анорзор, олмазор, лимонзор сингари хосланган маҳаллалар пайдо бўлаяпти. Бу эса етиштирилган ҳосилнинг харидорига ҳам, етиштирувчисига ҳам катта қулайликлар яратади.

Тумандаги деярли ҳар бир хонадонда чорва бор. Кунига ўртача 300 тонна сут олиниб,  бошқа жойларга олиб бориб сотилади.Президентимиз ташрифидан сўнг сут қабул қилиш шохобчаси иш бошлади.

–8 та маҳалладан кунига 5 тонна сут қабул қилиш имконияти бор,– дейди вилоят Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат маркази лаборатория мудири Шоҳруҳ Мақулбеков. – Шохобчанинг ишга тушганлигидан аҳоли мамнун.

Бугун Сайхунобод катта ўзгаришлар жараёни оғушида. Туман аҳли республикага ўрнак бўларли даражада ютуқларни қўлга киритишга маҳкам бел боғлаган.

Ҳадемай,  фақат Сирдарёда эмас, пойтахт бозорлари пештахталарида ҳам марварид тутлар пайдо бўлади.Уларнинг кўпи айнан Сайхунободдан боради. Кўп фурсат ўтмас,  бозорларда турли мевалар, балиқ, гўшт, сут, полиз маҳсулотлари янада сероб бўлади. Ўзимиздан ортиб четга ҳам йўл олади.  Уларга эса албатта “Сайхунободда етиштирилган” деган белги қўйилади. Дастурхонлар ноз-неъматларга, одамларнинг ҳамёни даромадга тўлади. Тўкинчилик, мўмай даромад эса фаровонликнинг бошланишидир.  

Шуҳрат Суяров, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),

ЎзА мухбирлари