Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида Сирдарё вилояти делегацияси ташаббуси билан “Сайхун ва Жайхун ёшлари форуми” ташкил этилди. Форумнинг асосий мақсади маҳаллалар ёшлари ўртасида фикрлаш, интеллектуал ва спорт салоҳиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишдан иборат бўлди.
Форум доирасида турли интеллектуал ва спорт тадбирлари ўтказилди. Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Қонликўл тумани Ёшлар ишлари бўлими ҳамкорлигида шахмат ва шашка мусобақалари ташкил этилди. Ақл ва стратегик фикрлашни талаб қилган бу интеллектуал ўйинларда ёшлар ўз иқтидорларини намоён этишди ва ҳақиқий дўстона рақобат олиб боришди.


Шунингдек, маҳаллалар ёшларининг фикрлаш доирасини кенгайтириш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ташкил этилди. Иштирокчилар мантиқий саволларга тез ва тўғри жавоб топишга ҳаракат қилиб, билим ва тезкорлик бўйича бир-бири билан рақобатлашдилар.


Ёшлар спортдаги қизиқишларини намоён этишлари учун волейбол мусобақаси ташкил қилинди. Мусобақа соғлом рақобат руҳида ўтказилди ва спортга қизиқувчи ёшларни бир жойда жамлади.
Форумда ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Энг асосийси, форум доирасидаги тадбирларни йил давомида ташкил этиш режалаштирилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири