Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Сайхун ва Жайхун” ёшлар форуми доирасида 30 дан ортиқ маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Форум “5000 қадам” лойиҳаси билан бошланди. Тонг саҳарда туман йўлларида аҳоли, ёшлар ва меҳмонлар оммавий юришда иштирок этиб, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик ғояси тарғиб қилинди. Бу фаол тадбир орқали жамоавийлик ва бирдамлик кайфияти яратилди. Шундан сўнг туман ҳокимлиги биносида давлат фуқаролик хизматчилари иштирокида "Сиёсий-маърифат соати" ташкил этилди. Унда миллий ғоя, фуқаролик позицияси, тарихий тафаккур ва маънавий етуклик масалалари муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Қонликўл туманидаги Сайхун-Жайхун маънавият марказида “Ижод мушоираси” кечаси ўтказилди. Унда ёш ижодкорлар қалб сўзларини ўз шеърлари орқали ифода этди. Форум доирасидаги энг таъсирли тадбирлардан бири эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун ташкил этилган тантанали суннат тўйи бўлди. Жами 32 нафар бола учун ўтказилган мазкур хайрли маросимда Қонликўл тумани ҳокими Баҳром Султонов, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов ва Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов иштирок этди. Болажонларга эсдалик совғалари топширилди.

– Қонликўлда шунчаки тадбир ўтказилмади, балки ёшлар билан мулоқот, бирдамлик ва маънавий уйғунлик юзага келди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов. – “Сайхун ва Жайхун” форуми орқали биз сирдарёлик ёшларнинг қорақалпоғистонлик тенгдошлари билан дўстлик ва ҳамкорлигини янада мустаҳкамладик. Бу каби форумлар икки ҳудуд ўртасидаги ижтимоий-маърифий алоқаларни кучайтиради. Келгусида ҳам бу ҳамкорликни доимий ва тизимли равишда давом эттиришни мақсад қилганмиз.
Форум доирасида Ёшлар марказида волейбол, шахмат ва шашка каби спорт турлари бўйича мусобақалар, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Қизлар академияси”, “Мутолаа соати” ва “Устоз АИ” каби маърифий лойиҳалар амалга оширилди. Барча тадбирлар ёшларнинг билими, салоҳияти ва қобилиятини ривожлантиришга қаратилди.

Шу билан бирга, шаҳар кўчалари, бекатлар ва ижтимоий объектлар “Адабиёт ва санъат фидойилари”, “Спортчиларимиз — фахримиз”, “Ватан ягонадир” каби шиорлар акс этган баннерлар ва тарғибот воситалари билан безатилди. Бу орқали миллий ғурур, маданий мерос ва спорт руҳи кенг тарғиб этилди.
Форум гала-концерт билан якунига етди. Унда ижро этилган куй-қўшиқ, рақслар ва ижодий чиқишлар ёшларга ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.Танлов ва мусобақалар ғолиблари ташаббускорлар томонидан тақдирланди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири