Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Бухоро давлат университетига саёҳат уюштирилди.
БухДУ ректори ташаббуси билан “Филология”, “Жисмоний маданият” ва “Санъатшунослик” факултетлари томонидан ташкил этилган тадбир тарбияланувчиларнинг истеъдод ва қобилиятларини ривожлантириш, касбга йўналтириш учун уларнинг қизиқишларини аниқлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари даставвал олий таълим муассасаси ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши учун университет музейи билан танишди. Тарбияланувчиларга БухДУнинг тарихи, талабалар ва педагог-ходимлар эришган ютуқлар катта қизиқиш уйғотди.
Ахборот ресурс марказидаги китоблар билан танишиш асносида тарбияланувчилар ва “Филология” факультети талабалари ўртасида қизғин мушоира бўлиб ўтди. “Жисмоний маданият” факультети томонидан ташкил этилган шахмат ва шашка ўйинларида ўқувчилар фаол қатнашди. Уйин якунлангач, ушбу бинонинг иккинчи қаватида жойлашган “Ислоҳотлар халқ учун” марказида шахмат ва шашка мусобақаси ғолиблари китоблар мажмуаси ва спорт анжомларидан иборат эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Кейинги манзил Талабалар турар жойи бўлди. Барча шароитларга эга университет ётоқхонаси ва унинг биносида ташкил этилган “Беш ташаббус” маркази тарбияланувчиларнинг ҳайрати ва ҳавасига сабаб бўлди.
БухДУнинг фаоллар залида “Санъатшунослик” факультети талабалари томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият бағишлади.
Зариф Комилов, ЎзА