Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Хусусий туризм агентликлари ассоциацияси ва USAID томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида “Саёҳат журналистикасининг ўзига хос хусусияти ва ривожланиш истиқболи” мавзусида семинар ўтказилди.
Ўзига хос дунёни очиш, қизиқарли туристик ҳикоялар ёзиш учун зарур билим, кўникма бериш ҳамда саёҳат ва ижодкорликни илҳомлантириш мақсадини кўзлаган анжуманда ассоциация лойиҳалари тақдим қилинди, тарғиботга қаратилган маълумот, кўрсатма берилди.

Саёҳат журналистикаси – касбимизнинг алоҳида йўналиши сифатида дунё бўйлаб саёҳат давомида, асосан, маданий жиҳатларга эътибор
қаратган ҳолда, турфа тажриба, одамлар, маҳаллий анъаналар, таомлар, диққатга сазовор жойлар ва бошқа унсурлар ҳақида ҳикоя яратиш санъатидир.
Бунда ўқувчини илҳомлантириш, фойдали саёҳат тўғрисида маълумот тақдим этиш, дунё бўйлаб маданият ва маконлар хилма-хиллигини намойиш этиш ҳам назарда тутилади. Айни йўналишни ўзлаштирмоқчи бўлганлар ёки шунчаки бошқа мамлакат ҳақида кўпроқ билишни истаганлар учун ҳам сайёҳлик журналистикаси жуда фойдали.

Семинар доирасида жорий йил 1 июндан 31 сентябрга қадар ўтказилиши режалаштирилаётган “Энг яхши саёҳат журналистикаси иши учун” танлови тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур танловда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қатнашиши мумкин.
Ижодий ишлар юқори туризм салоҳиятини намойиш қилувчи, мамлакатнинг жозибали томонларини очиб берувчи мақола, камида 5 дақиқалик видео лавҳа йўналишлари бўйича қабул қилинади. Ҳар бир давлатдан ғолибларга соврин сифатида энг яхши материал учун ноутбук, энг яхши видео-ролик номинацияси бўйича смартфон, шунингдек танловнинг барча иштирокчиларига сертификат топширилади.
Нодира Иброҳимова,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети 3-босқич талабаси,
ЎзА