Лангар қишлоғи ажойиботлари
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Лангар қишлоғи тарихий обидаларга бой. Қишлоқдаги муҳим ва асосий тарихий обидалардан бири саналган Ҳазрати Лангар ота зиёратгоҳи ҳақида олдинги мақолаларимизда ёзганмиз. Бу гал ушбу қишлоқдаги бошқа ажойиботлар яъни “Бешиктош” ва “Тешиктош” ҳақида ёзишни мақсад қилганмиз. Шу мақсадда фотомухбир билан манзил томон йўлга отландик.
Йўл анчагина олис бўлса-да, тоғ томон яқинлашар эканмиз дилга ёқимли тоғ шабадаси урилади. Қир-адирлар яшилликка бурканган. Кенгликларда қўй-қўзилар ўтлайди. Кечагина ёғиб ўтган кучли ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмакларда тиниқ мовий осмон ва паға-паға булутлар акси товланади...
Ниҳоят довонлар оша, Лангар қишлоғига етиб келдик. Шу ерлик дўстимиз Акбар Раҳмонов бизни қарши олди ва эрталабки чойга таклиф қилди. Йўл олислигини ҳисобга олиб тонг қоронғисида йўлга отланганимиз боис, эрталабки насибани рад эта олмадик. Тоғликлар эрталабки нонуштага сутдан тайёрланган “ширчой” беришар экан. Одатда сутга шакар солиб ичамиз, лекин тоғ ширчойига сариёғ, қуруқ чой ва табга кўра туз солинар экан. Нима бўлганда ҳам ажойиб таом...
Дўстимиз Акбар Раҳмонов йўл бошлайдиган бўлди. Тоққа қараб ўрмаладик. Баҳор ҳавоси танноз келинчакка ўхшайди. Бир қарасанг қуёш чарақлаб туради, бир қарасанг қора булут қоплаб шаррос ёмғир қуйиб беради. Келганимизда об-ҳаво яхши эди. Тоққа чиқар эканмиз, ёмғир томчилай бошлади. Аммо борлиқ шу қадар мафтункорки, кўз қувнайди. Шаҳарнинг диққинафас муҳитидан чиқиб келган киши, бу ерларга келганда ўзга дунёга тушиб қолгандек бўлиб қолади.
Ёлғиз оёқ сўқмоқлар бўйлаб тобора юқорига кўтариламиз. Йўл-йўлакай ҳамроҳимиз биз бораётган мўъжизавий тош ҳақида ҳикоя қилар экан шундай деди.
– “Ҳақиқат” тошидан ҳар ким ҳам ўта олмайди. – дейди А.Раҳмонов. – Айтишларича, кимнинг гуноҳи бўлса тош қисиб қолади. Баъзи бир кишиларнинг тош орасидан ўта олмаганига ўзим гувоҳи бўлганман.
[gallery-11157]
Ёмғир борган сари кучаймоқда, аммо биз тошлоқ йўл бўйлаб давом этдик. Тахминан бир соатлар чамаси юргач манзилга етиб бордик. Баҳайбат харсанг тошлар қалаб қўйилганга ўхшайди. Остида бир одам сиғадиган туйнук бор. Шу ерликлар бу тошни “Ҳақиқат” тоши деб ҳам аташар экан. Гўёки ундан ўтган одам гуноҳлардан соқит бўлади. Қадимдан, балки исломгача бўлган даврдан буён бу ривоят халқ орасида юради.
Ундан тепароқда “Бешиктош” деб аталувчи тош бор. Оғирлиги тахминан 30 тоннадан зиёд. Аммо қўл кучи билан бир учидан босилса, баҳайбат тош енгилгина силкинади. Буни кўриб ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Амин бўлиш учун биз ҳам қимирлатиб кўрдик. Аммо “Тешиктош” дан ўтиб кўришни имкони бўлмади. Боиси шу пайтга келиб ёмғир кучли ёға бошлади.
Ёмғир бироз тингач пастга тушдик. Қишлоқни оралаб оқиб ўтувчи чашмаю булоқларнинг қўшилишидан ҳосил бўлган Лангар дарё бўйида қад ростлаган минг йиллик азим чинор остида тўхтадик.
– Қишлоқда табиат ёдгорликлари кўп, – дейди А.Раҳмонов. – Шулардан бири Султон Воис бобо эккан минг йиллик чинордир. Ямоқли сой этагида қад ростлаган бу улкан дарахт айтишларича бир марта ёниб кетгач, ўрнида қайтадан чинор ўсиб, бир метрдан сўнг яна бир чинор кўкарган. Ривоятларга кўра, Султон Воис бобонинг волидалари бобонинг ёшлигида қўлига косов бериб, “учоқни ковла” деса, у ерга суқиб худога нола қилгач, косов кўкарган экан. Қишлоқ четидаги “Хукак”, яъни “Ҳақиқат тоши” номини олган тешик тошнинг тарихи ҳам Султон Воис бобо билан боғлиқ. У юрган йўлида “ху хақ” деб хитоб қилгани боис, унинг ҳар бир сўзи тошларда акс-садо берган. Кейинчалик бу тош “Хукак” деб аталган.
Шу қишлоқлик зиёлиларнинг маълум қилишича, неча асрлар давомида одамлар қишлоқдаги Ямоқли сойдан тупроқ олиб, сопол идиш ва тобутлар ясашган. Чунки унинг тупроғи ниҳоятда тоза. Ўртадаги оқаётган дарёнинг номи Лангар бўлиб, қадимдан Чашма-об деб аталган. Чунки Жомдан Самарқандгача чашмалар сероб. Дарёлар ҳам бошини чашмадан олади. Ҳар бир чашманинг суви шифобахш. Ўз номи билан аталган Қўтирбулоқ сувидан ичиб, унда чўмилган одам бир нечта дарддан халос бўлар экан.
Ҳамроҳимиз яна бир ажойиб, қадимий ёдгорликни кўрсатди. Сой бўйида жойлашган ҳовли девори ёнидаги катта тошга 40 та катак ўйилган эди. Тош ёнида оёқ қўядиган жой ҳам бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу қадимги қирқ-човут ўйинининг “тахтаси” бўлиб, у зардуштийлар даврида ўйлаб топилган. Бундай ўйинлар асосан тегирмонлар олдида ташкил этилиб, одамлар навбат кутганида қирқ-човут ўйнаб, вақт ўтказишган.
Қадимшунос олим, академик Рустам Сулаймонов маълумотларига кўра, Лангар ота қишлоғида одамзод беш минг йилдан бери яшаб келади. Қишлоқдаги Гедалисойдан топилган баъзи топилмалар – бронзадан ясалган дудама ханжар, камон ўқи учи, қоратошли қадимий мозор, икки дона оссуарий (сопол тобут), Лангар Ота тарих музейи экспонатлари милоддан олдинги даврларни акс эттиради.
Хулоса қилиб айтганда, Лангар қишлоғининг биз билган ва билмаган синоатлари, саргузашт жойлари, тарихий обидалари ҳар қандай кишини ўзига ром қилиши табиий. Минг эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал, деганларидек, йўлингиз тушса, Чироқчи туманидаги Лангар қишлоғига бир келиб кетинг.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.