Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саёҳат манзиллари: Зинзилбан геологик кесмаси ҳақида эшитганмисиз?
04:24 / 2022-07-20

Дунёнинг яратилиши тарихи, бу борадаги қарашлар инсоният учун ҳамиша қизиқ бўлган. Бугун илм-фан тараққиёти заминимизда бундан миллион-миллион йиллар илгари яшаган жонзотлар, ўсимлик дунёси қолдиқларини аниқламоқда. Мана шундай ўта ноёб топилмаларга бой тарихий аҳамиятга молик жойлар ҳамиша дунё олимлари эътиборида бўлиб келган.

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Китоб геология миллий табиат боғидаги ҳам дунё ривожининг илк намуналари топилган жой ҳисобланади. Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, Китоб тумани геология миллий табиат боғи Зинзилбан кесмасида жойлашган. Дунё миқёсидаги стратиграфик эталон – ЭМС ярусининг қуйи чегараси стандарти ёки глобал стратотип чегарасининг таянч нуқтасини эгаси ва сақловчиси ҳисобланади. Ушбу стратотип 1989 йилда девон стратиграфияси Халқаро комиссияси томонидан танлаб олинган ва 1996 йилда Халқаро геологик билимлар иттифоқида тасдиқланган. 

Шундай қилиб Зинзилбан кесмаси бутун дунё геологик мерос объекти бўлиб, Китоб геология миллий табиат боғининг Халқаро статусини таъминлайди ва қуйи девон даврига тегишли, дунё миқёсидаги 3 та эталондан биттаси ҳисобланади. Ҳозирги кунга қадар халқаро ноёб геологик объект палеонтолог ва стратиграфлар учун эталон сифатида хизмат қилиши билан бирга ундан халқаро геология ҳамжамияти намуна сифатида фойдаланиб келмоқда. 

[gallery-7958]

Геология табиат боғида 3 та йўналишда фаолият олиб борилади: геология, биология илмий-тадқиқот ишлари ва табиатни муҳофаза қилиш ишлари. Геология табиат боғи ҳудудида палеозой эрасининг юқори ордовикдан, қуйи карбон давригача бўлган вақт оралиғидаги денгиз остида ҳосил бўлган қатламлари сақланиб қолган. Улар орасида ўша қадимги даврда яшаган ҳайвон ва ўсимликларнинг тош қотган қолдиқлари кўплаб учрайди. Олимларимизнинг кўп йиллик изланишлари натижасида бу қатламларнинг ёши 460 миллион йил бўлиб, 100 миллион йиллик заминимизнинг қадимги экологиясини ва иқлим шароитини аниқлашга имкон беради.  

Бундан ташқари, ҳайвон қолдиқларининг кўплиги ва хилма-хиллиги ётқизиқларни ёшини аниқлашда ва уларни таққослашда, тоғ жинсларини ҳосил бўлиш шароитини тушунишда ҳамда ўрганилаётган ҳудудни геологик тузилишини асослаб беришда ўта муҳим роль ўйнайди. Геология табиат боғида ҳозирги кунда 881 га яқин ўсимлик тури ҳамда 169 тур ҳайвонот қайд этилган бўлиб, 18 тур ўсимлик ва 13 та ҳайвон тури Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган. Табиатни муҳофаза қилиш йўналиши геология йўналишидаги халқаро ва ноёб объектларни табиийлигини сақлашга ҳамда биология бўйича йўналиши Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган камёб 18 тур ўсимлик, 13 та ҳайвон турларининг қирилиб кетишини олдини олади ҳамда уларни кўпайишига замин яратади.  
Геология табиат боғи дала базасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни маданий дам олиши учун барча қулайликлар мавжуд.  

– Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Геология табиат боғи ҳудудидан самарали фойдаланиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, геотуризм йўналишида сайёҳлар оқимини кенгайтириш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилмоқда, – дейди Китоб геология миллий табиат боғи директори Нуриддин Абдиев. – Хусусан, “Китоб Давлат геология қўриқхона”сини “Китоб геология миллий табиат боғи”га айлантириш мақсадида 2020 йилнинг 30 июнь куни Президентимизнинг “Табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги дастлабки қадам бўлди. Мазкур қарор миллий табиат боғи ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларда инфратузилманинг яратилишига хизмат қилади. Бу ўз навбатида ушбу ҳудудга келиш истагида бўлган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун диққатга сазовор жойлардан бирига айланади. Ҳозирги кунда Геология табиат боғида туризм соҳасини жадал ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун диққатга сазовор жойлардан бирига айлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.  

Жумладан, экотуризм бўйича доимий Геология табиат боғи веб сайти (www.kitob-dgq.uz)да, инстаграм ва телеграмда маълумот бериб бориш йўлга қўйилган. Экотуризм бўйича тайёрланган йўл харитасининг маршрут йўналишларини кўпайтириш, реклама учун тайёрланган буклетларни туристик фирмаларга, меҳмонхоналарга, музейларга, дам олиш масканларига ва бошқа кўплаб жойларга тарқатиш режалаштирилган, яқин шаҳарлардан Шаҳрисабз, Китоб, Самарқанд туристик фирмалари билан ҳамкорлик қилиш, тажриба амалиётларини ўрганиб бу орқали хорижий сайёҳларни жалб қилиш кўзда тутилмоқда.  

Охирги йилларда уч тилда чоп этилган илмий-оммабоп альбомни кўпайтириш ва туристик фирмаларга, меҳмонхоналарга, музейларга, дам олиш масканларига ва бошқа кўплаб жойларга тарқатиш мўлжалланган. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида отларни сайёҳлик маршрутларига тайёрлаш, бу орқали даромад олиш ҳам мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир таянч кесмаларни ўрганиш, фауналаридан намуналар олиш учун махсус тоғ йўлаклари, кенг тўхташ майдонлари ва бошқа кўплаб қулайликлар яратилган. Ҳар бир гуруҳга ҳудуднинг биостратиграфиясини, геологиясини ёритиб берадиган кучли палеонтолог мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Геология табиат боғида мавжуд бошқа ноёб объектлар рўйхати шакллантирилиб, уларга олиб борувчи қулай йўллар харитаси ишлаб чиқилган.  

 

Ўлмас Баротов, 
Жамшид Норқобилов (сурат),ЎзА.