Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Ҳисор тоғ тизмалари билан чегарадош ҳудудларда Вори деган қишлоқ бор.
Мазкур қишлоққа ўтган йили электр энергияси етиб борди. Унгача қишлоқ аҳолиси чироқ ва фониздан фойдаланган.
Нива” русумли машинада тоққа қараб отландик. Сабаби бошқа машинада ушбу қишлоққа чиқишни деярли имкони йўқ. Йўл жуда нишаблик ва тошлоқ. Тотар маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Калта қўл қишлоғи орқали Вори қишлоғи томон ўрлай бошладик. Экстремал завқ берувчи ўнқир-чўнқир йўлларда машина мотори оғир хурсинганча кучаниб гувиллайди.
Тоққа кўтарилишимиз билан салқин ҳаво ва ажойиб табиат бизни қарши олди. Пастда ҳеч учратмайдиган бежирим гуллар ҳиди кишини тетиклантирувчи Зарафшон арчалари виқор билан ўсган. Гўё тоғ харсангларини қўллари билан маҳкам ушлаб тургандек.
Маълум бир масофага борганда машинамиз мотори қизиб кетди. Бироз тўхтаб совитдик. Машинадан тушиб атрофни кузата бошладик. Биздан чамаси 100 метрлар масофада икки аёл кўринди. Улар нималарнидир териш билан банд эди. Қизиқсиниб олдига бордик.
Тоғ аёли жуда “ҳуркак” бўлар экан. Камераларимизни кўриб рўмолларини ёпиб тескари қараб олди. Шу ҳолатда уларни суҳбатга чорладик. Улар Калта қўл қишлоғидан ёввойи тоғ бодоми теришга чиққан экан. Уларнинг таъкидлашича, тоғда ёввойи ҳолда ўсган бундай бодомнинг таъми аччиқ бўлиб, жуда шифобахш экан.
– Ҳар йили тоққа аччиқ бодом тергани чиқамиз, – дейди ўзини таништиришни истамаган аёл. – Уларни териб олгач, жувозда эзиб ёғини оламиз. Мавсумда терилган бодомлардан 25-30 литргача бодом ёғи чиқади. Бир литрини 150 минг сўмгача сотамиз. Тирикчиликда оға.
Рост, тоғда яшаш машаққатли, аммо саховатли табиат тоғликларга машаққат билан бирга кўплаб неъматларни ҳам инъом этган. Бодомдан ташқари, тоғ дўланаси пишади. Шифобахш гиёҳларнику айтмаса ҳам бўлади. Бундан ташқари мусаффо ҳаво, болдек ширин сув.
Йўлда давом этдик. Ниҳоят тоғнинг энг юқори қаватига чиққанимизда Вори қишлоғи кафтдек кўзга ташланди. Мана шундай баландликдаги кенг ялангликни вориликлар ватан қилган. Бу ерларда қиш узоқ давом этгани боис, баҳор кеч келади. Кўм-кўк адирликда ҳамма пичан ўриш билан банд. Улардан бирини суҳбатга чорладик.
– Ҳар йили биринчи ўсган пичанни чалғида (ўт ўришга мўлжалланган ўроқдан катта иш қуроли) ўриб оламиз, – дейди ўзини Зокир дея таништирган қотмадан келган йигит. – Кийин чорва қўйиб юборилади. Мана шу йиғилган хашакларни қиш бўйи чорвамизга едириб чиқамиз.
Тоғнинг энг баланд чўққиларига яқин ушбу қишлоқда бор йўғи 20 дан ортиқ хўжалик яшайди. Яшаш шароити оғир бўлгани сабаб бугунги кунгача 2-3 бора қишлоқ аҳолиси чўл ҳудудларга кўчирилган. Ўзларини тили билан айтганда қишлоқда ҳақиқий “ватанпарварлар” қолган. Ҳовлилар ҳам тарқоқ жойлашган. 50-100 метрда битта уй.
Энг қизиғи ўтган йилнинг куз ойларигача қишлоқда электр энергияси умуман бўлмаган. Оқсоқолларнинг айтишича, тинимсиз мурожаатлардан сўнг қишлоққа электр-энергияси тортиб берилган.
[gallery-7910]
– Энди-энди одамларимиз маиший техникалардан фойдалана бошлади, – дейди 91 ёшли Норраҳмат бобо Ортиқов. – Илгари қишлоғимиз жуда гавжум бўлган. 80 йилларда ва мустақилликдан кейин икки марта аҳоли Миришкор туманига кўчирилган. Лекин нима бўлганда ҳам бу ер киндик қонимиз тўкилган жой. Неча-неча асрлардан буён бу тупроқни ватан қилиб, ота-боболаримиз яшаб келган. Биз ҳам яшаяпмиз.
Авлодларимиз ҳам яшайди. Юртимиздаги ўзгаришлар шабадаси бизнинг қишлоққача етиб кела бошлади. Ҳамма хонадонларга электр симлари тортилди. Суюлтирилган газ баллонлари етиб келди. Кичиккина бўлсада замонавий мактаб биноси қуриб берилди. Шукр ҳаётимиз ёмон эмас.
Норраҳмат бобо тўқсон ёшдан ошганига қарамай ҳали бардам ва тетик. Ўғил ва набираларга қўшилиб, томорқадаги арпаларни ўриш ишларига ҳам иштирок этади. Ўқитувчилик касбидан пенсияга чиққан кекса фахрий қишлоқ тарихини шундай баён қилди.
– Вори сўзи шамол тегирмонининг овозидан келиб чиққан, – дейди отахон. – Қадимда қишлоғимизда кўплаб шамол тегирмонлари бўлган. Тоғнинг усти бўлгани учун шамол пастга нисбатан кучлироқ эсади. Шунинг учун шамол тегирмонларидан ота-боболаримиз унумли фойдаланган. Тегирмон шамол ёрдамида айланганда вариллаган овоз чиққан. Шу-шу қишлоқ номи Вори бўлиб қолиб кетган. Қишлоғимиз жуда қадимий аслида. Мўғуллар даврида бу ерда тошдан темир ажратиб олинган ва эритилган.
Чунки қишлоқ яқинида кўмир кони ҳам бор. Ҳозир ҳам қишлоғимиз одамлари қиш келиши олдидан ўша конлардан кўмир қазиб келишади.
Дарҳақиқат, қишлоқ одамлари жуда самимий, кенг майдонларга арпа, буғдой, картошка экишади. Боғдорчилик, чорвачилик қилишади. Асосий транспорт воситаси эшак ва от. Ерни ҳайдаш учун ҳўкиз қўшилган омочлардан фойдаланишади. Қайси хонадонга кирманг қаймоғи олинмаган тоғ қатиғи билан меҳмон қилишади.
– Қишлоқ аёллари йил бўйи тиним билмайди, – дейди 83 ёшли Гулсара момо Бобомуродова. – Жун йигириб, гилам тўқиймиз, куви пишиб сариёғ оламиз, томорқада ишлаймиз. Ўзим тикувчилик қилганман. Ҳозир тикув машинани игнасидан ипни кўзойнаксиз ўтказаман. Турмуш ўртоғим эрта вафот этди. Тикувчилик ортидан 8 нафар фарзандни боқиб вояга етказдим. Уйли жойли қилдим.
Қишлоқ табиати ҳақиқатда гўзал. Ҳавоси тоза. Булоқ сувлари ҳар бир ҳовлидан шилдираб оқиб туради. Аммо маиший турмуш учун етарли шароит йўқ. Масалан, тиббий хизмат деярли йўқ. Ҳомиладор аёллар маҳаллий доялар ёрдамида уйида туғади.
Оғирроқ касал бўлиб қолса, яратганга таваккал қилиб пастга эниб боради. Таълим сифати ҳам жуда паст даражада. Имконини топганлар фарзандларини пастдаги қишлоқ мактабларига олиб боришади. Мобил алоқа деярли ишламайди. Хуллас Вори қишлоғи аҳолиси мана шундай табиий муҳитда яшаб келмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА