Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саёҳат манзиллари: Қашқадарёдаги коризлардан фойдаланиб деҳқончилик қилаётган қишлоқни биласизми?
07:24 / 2022-07-28

Эсингизда бўлса ўтган галги мақолаларимизда Қашқадарё вилояти Китоб тумани тоғ этагида жойлашган Хўжаилмкони қишлоғида қад ростлаган қадимий чинор ва Хўжаги Имканагий зиёратгоҳи ҳақида ҳикоя қилган эдик. Бу галги мақоламиз эса ушбу қишлоқ одамларининг қадимий усулда коризлар орқали қишлоққа сув олиб келиб деҳқончилик ва боғдорчилик қилиш сирлари ҳақида.

Хўш, аслида кориз ўзи нима? Маълумотларга кўра, кориз (форсча) — ер ости сувларини йиғиш ва уларни ер юзасига чиқариш учун қуриладиган ер ости иншооти бўлиб, аҳолини сув билан таъминлаш, ерларни суғоришда қўлланилган. Кориз Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиёда кенг тарқалган. Ўрта Осиёнинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида учрайди. Масалан, Туркманистоннинг Ашхобод шаҳри яқинида чуқурлиги 100 метр, сув сарфи 150- 225 л/с. Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятларида 200 га яқин кориз қазилган. 20-асрнинг 20-йилларига қадар Ўрта Осиёда кориз сувларидан экинларни суғоришда фойдаланилган.

Кориз кавлаш ер ости сувлари сатҳида рўй берадиган ўзгаришлар ва жой рельефидаги нишабликни аниқ белгилашни талаб этган. Бу махсус асбоблар (астролябия, ватерпас) воситасида амалга оширилган. Кориз трассаси белгилаб чиқилгач, шу трасса бўйлаб ҳар 5 - 40 метрда қудуқлар ковланган. Қудуқларнинг чуқурлиги 14 - 15 метрдан баъзан 60 - 70 метргача борган. Қудуқлар сувли қатламга туташадиган лаҳим (туннель) орқали бир-бирига бирлаштирилган. Лаҳимнинг баландлиги 1,5 метр, эни 1 метр бўлиб, деворлари ёғоч ёки тошлар билан мустаҳкамланган. Узунлиги жой нишаблигига қараб бир неча километргача чўзилган.

[gallery-8057]

Масалан, Нурота (Навоий вилояти)даги “Мастон” номли коризнинг 280 та қудуғи бўлиб, бош қудуғининг чуқурлиги 14 метр ва лаҳимнинг узунлиги 3 километр бўлган. Кориз қурилиши даврида бу қудуқлар тупроқ-шағални чиқариб ташлашга, коризни ишлатиш даврида эса кузатиш (назорат), тиклаш, тузатиш ва ҳаво алмаштириш учун хизмат қилади. Хўжаилмкони қишлоғининг шарқий қисмида 13 та қудуқни ер остидан бирлаштириб қазиб ўтказилган, қишлоқ аҳолисини булоқ суви билан таъминлаб турадиган кориздан бугунги кунда ҳам фойдаланилмоқда. Қишлоқ оқсоқолларининг таъкидлашича, қудуқлар қадимий бўлиб, Хўжаилмкони қишлоғининг вужудга келиш тарихи билан боғлиқ.

– Ушбу коризлардан бугунги кунгача фойдаланиб келамиз, – дейди Маҳмуд бобо Қодиров. – Қазилган даври ота-боболаримизнинг айтишига қараганда темурийлар даврига бориб тақалади. Ҳар йили ҳашар йўли билан тозалаймиз. Коризга сув қарийб ярим километр узоқликдаги чашмадан тортиб келинган. Аҳамиятли томони кориздан келаётган сув қишин-ёзин бир хил ҳароратда бўлади. Яхлаб ҳам кетмайди, қизиб ҳам. Бу сувдан ичимлик суви сифатида ҳам фойдаланса бўлади.

Маълумки, бир қатор Шарқ мамлакатлари, жумладан, Ўрта Осиёда қишлоқ хўжалиги ривожида сунъий суғоришнинг аҳамияти катта бўлган. Сунъий суғоришнинг энг оммавий турларидан бири коризлар ёрдамида суғориш, яъни ер ости ёки дарё, булоқ сувини ер ости каналлари орқали оқизишдир. Фотомухбир ҳамроҳлигида коризга қуйиладиган чашма томон отландик. Баланд-баланд тепаликлар. Ҳар 30-40 метрда битта қудуқ бор. Ниҳоят қудуқлар тугагач бетон ариқ бошланди. Чашмадан чиқаётган сув аҳоли томонидан шу ергача бетон ариқларда олиб келинган. У ёғи тепалик бўлгани учун ер ости туннеллари (кориз) қазилган. Ниҳоят чашманинг бошланиш нуқтасига етиб келдик. Зилолдек тиниқ булоқ суви маҳобатли тошлар орасида жимирлаганча сизиб чиқиб турибди. Сув шу қадар тиниқки, ичида сузиб юрган балиқлар яққол кўзга ташланади. Чашманинг ўнг томони чуқур жарлик. Афтидан илгари чашма суви шу жарликка оққан. Кейинчалик маҳаллий аҳоли томонидан тоғ ён бағри бўйлаб ариқ орқали чашма сувининг йўналиши ўзгартирилган ва қишлоққа тортиб кетилган. Бу каби маҳорат билан қазилган коризлар ота-боболаримизнинг миробликда нақадар тажрибали бўлганлигидан далолат беради.

Мамлакатимизда бугунги кунга қадар фойдаланишдан тўхтамаган ягона кориз ҳам шу бўлса керак.

 

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА