Навоий шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди дастури лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
Партиядан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фаоллар иштирок этган тадбирда Марказий кенгаш раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджонова янги дастурдан ўрин олган вазифалар ҳақида тўхталиб, оилани мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшларга муносиб шароитлар яратиш масалалари алоҳида йўналиш сифатида белгиланганини таъкидлади.
– Партия учун оила қадриятлар бешиги, ватан ичра ватандир, – деди Феруза Муҳаммеджонова. – Оила муқаддас қўрғон. Оналик, оталик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши, аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли, деб эътироф этилиши, уларга жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳамда барча соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши партиянинг устувор мақсадларига уйғундир.
Тақдимот тадбирида вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ражабов сўзга чиқиб, миллий сериаллар, тарихий фильмлар яратиш билан боғлиқ масалаларда тегишли идоралар фаолияти ҳали ҳам қониқарли эмаслиги, ишлаб чиқарилаётган аксарият кино маҳсулотларининг мафкуравий-бадиий даражаси пастлиги, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик маҳоратлари етарли даражада эмаслигини таъкидлади. Кинотеатрларда хорижий кинофильмларни ўзбек тилидаги таржима орқали намойиш этиш бўйича аниқ талаб белгилаш, бу борада Маданият вазирлигининг ташаббускорлигини ошириш кераклигини қайд этди.
– Партиямиз мазкур муаммоларга ҳам эътибор қаратгани ҳолда янги Сайловолди дастури лойиҳасида миллий сериаллар ишлаб чиқариш консепциясини яратиш, ўзбек тилидаги маълумотлар базасини кенгайтириш, ҳар йили хорижий тилдаги мингта илмий адабиётни давлат тилига таржима қилиш, шунингдек, юқорида саналган муаммолар ечимига қаратилган бошқа қатор таклифларни илгари суряпти, – деди Илҳом Ражабов.
Муҳокамаларда сўзга чиққан партия фаоллари “Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди дастури лойиҳасидаги ҳар бир фуқаро давлат тилини билиши, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ҳар қандай юридик шахснинг барча ҳужжатлари, ташқи ёзувлар давлат тилида юритилиши билан боғлиқ таклифларни қўллаб-қувватлади.
Бундай таклиф Давлат тилининг нуфузини янада оширишга, келажак авлоднинг билимли, зиёли, зукко, ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб тарбия топишига кўмаклашиб, ўз Она тилига бўлган ҳурмат-эътиборини кучайтиради.
А.Бўриев, ЎзА мухбири