English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайловларга тайёргарлик жараёни қандай бормоқда?
17:46 / 2019-11-25

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайловларга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.


Сайлов – 2019 

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайловларга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. 

Жорий йилнинг 22 декабрида “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтадиган сайловларда вилоятдан 2 миллион 333 мингдан зиёд сайловчи иштирок этиши кутиляпти. Ҳозир вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 17 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 60 та, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 567 та округ сайлов комиссияси ҳамда 1 минг 51 та сайлов участкаси ташкил этилган. Уларнинг фаолият юритиши учун барча шароитга эга замонавий бинолардан жой ажратилган. Комиссиялар таркиби сайлов бўйича етарли кўникма ва билимга, ҳудудда обрў-эътиборга эга фуқаролар ҳамда жамият ҳаётида фаол хотин-қизлардан ташкил этилган. 

Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази вилоят бўлимида компьютер жиҳозлари, зарур мебеллар, кутиш зали, видеоконференция ва матбуот анжуманларини ўтказишга мўлжалланган кичик ва катта заллар, видеопроектор, Wi-Fi зонаси ва интернет тармоқлари мавжуд. 

Сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни сайлов қонунчилигидаги янги нормалар билан таништириш мақсадида туркум семинарлар ўтказилди. Бугунги кунда барча сайлов участкалари овоз беришни юқори ташкилий даражада ўтказиш учун тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди. Сайлов участкалари барча зарур нарсалар – алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус ажратилган жойларда яширин овоз бериш учун кабиналар жиҳозланган, сайлов қутилари ўрнатилган. 

Сайлов участкаларининг 541 таси симли, 510 таси мобиль телефон алоқаси билан таъминланди. Шунингдек, округ ва участкаларнинг барчаси интернет тармоғига уланди. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича 3 минг 346 нафар оператор ўқитилмоқда. 

– Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 109-Қўштепа округи ҳудудда 59 та сайлов участкаси ташкил этилган, – дейди округ сайлов комиссияси раиси М.Ўроқов. – Бу ерда Қўштепа тумани ва Марғилон шаҳрида яшовчи 135 мингдан зиёд сайловчи рўйхатга олинган. Айни пайтда сайлов округи томонидан сайловни очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказиш учун белгиланган талаблар асосида тайёргарлик ишлари амалга ошириляпти. Депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотида ҳам тенг шароитлар яратиб берилмоқда. 

Қўштепа туманидаги 462-сайлов участкасида сайловга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Сайлов участкаси хоналари қонунчиликда белгиланган талаблар асосида жиҳозланган. Овоз бериш кабиналари, стационар ва кўчма сайлов қутилари тайёрланган. Сайлов қонунчилигига оид маълумотлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситалари кўринарли жойга илиб қўйилган. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларнинг сонини аниқлаштириш мақсадида қайтадан хатлов ишлари олиб борилмоқда.