English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайловлар очиқлик, ошкоралик ва ҳалол рақобат асосида ўтади
14:57 / 2019-09-30

Мамлакатимизда жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади.


Сайлов – 2019

Мамлакатимизда жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади.

Сурхондарё вилоятида ҳам сиёсий муҳим жараённи умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказиш учун маслаҳат гуруҳи фаолият юритмоқда. Жойларда бўлажак сайловларнинг жамиятимиз тараққиётидаги ўрни, янги қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти хусусида учрашувлар ташкил этилиб, аҳолининг хабардорлиги оширилмоқда.

Воҳада мазкур кампанияни юқори савияда ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 сайлов округи ҳамда 785 участка сайлов комиссияси фаолият юритади.

– Ушбу Сайлов кодексига ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар киритилган, – дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Муҳайё Жўраева. – Шу пайтгача амалда бўлган баъзи чекловлар чиқариб ташланган. Бу ўзгаришлар сайловларни умумэътироф этилган халқаро мезонлар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қилади. Бу йилги сайловлар юртимизда одамларнинг сиёсий қарашлари, онгу тафаккури ўсиб, янги сиёсий муҳит бўй кўрсатган бир пайтда ўтказилаётгани, сайловларда бешта сиёсий партия фаол иштирок этиш истагини билдиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда сайлов кампаниясига старт берилган илк кунларданоқ воҳада сиёсий партияларнинг бу жараёнда иштирокини таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган имзо тўплашга киришгани, депутатликка номзодларни шакллантиришни бошлаб, тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этишга эътиборни кучайтиргани бунга аниқ мисолдир.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгашидан маълум қилишларича, партия сайловларда қатнашиш учун етарли имзо тўплаш жараёни якунлаб, жойларда кузатувчи ва ваколатли вакиллари ўқувини давом эттирмоқда. Шу кунгача вилоятнинг Узун, Денов, Сариосиё, Шўрчи, Музработ, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Термиз каби туманларида ташкил этилган ўқув машғулотларда кузатувчи ва ваколатли вакилларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари атрофлича тушунтирилди.

– Жорий йилги сайловларнинг янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилаётгани бу жараённинг очиқ ва шаффоф ўтишида муҳим ўрин тутади, – дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Алишер Рўзиев. – Эндиликда битта оиладан бир киши сайлов участкасига бориб, барча оила аъзолари учун овоз беришига ҳам чек қўйилмоқда. Ҳар бир фуқаро ўзи ёқлаган номзод учун ўзи яширин овоз беради. Бу кузатувчилар ва ваколатли вакиллар зиммасига масъулиятли вазифаларни юклайди. Шунга асосан ҳудудларда ўтказилаётган ўқув машғулотларида кузатувчиларга номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари, сайлов бюллетенларининг тарқатилиши, тўпланган овозларни санаш вақтидаги вазифалари, сайлов комиссияси йиғилишларида иштироки ва бошқа ваколатларини кенг тушунтириб бераяпмиз. Бу сайловларнинг халқаро стандартларга мос очиқ, адолатли ўтишини таъминлайди.

Айни пайтда вилоятда ЎзЛиДеП бошланғич партия ташкилотларининг ҳисобот-сайлов йиғилишларини, шаҳар ва туманлар конференцияларини ўтказишга, сайловолди маънавий-маърифий, тарғибот тадбирларини ташкил этишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар “Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар” деган ҳаётий шиор остида бошланган муҳим кампанияда сиёсий партиялар ўз номзодларини очиқлик, ошкоралик ва ҳалол рақобат асосида илгари суришига қулай муҳит яратади.