Сайловлар ҳақида ўйловлар...
Дарҳақиқат, мамлакатимиз эртаси, фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро бўлиб ўтган сайловларда фаол иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Янги йил табригини йўллар экан, юртимизда “...энг муҳими, одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи тобора кучайиб бораётгани, жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топаётгани, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар буни яққол тасдиқлаганини, шунингдек, сайловлар Ўзбекистон демократик тараққиёт йўлидан ортга қайтмаслигини яна бир бор исботлаганини алоҳида таъкидлар эканлар, мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган парламент сайловларига ўзининг расман баҳосини берди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз эртаси, фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро бўлиб ўтган сайловларда фаол иштирок этди. Ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, мамлакатимиз миллий парламентига ва маҳаллий кенгаш депутатлигига ўзлари муносиб деб топган номзодни сайлади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига асосан сайловни кузатишда 9 та халқаро ташкилот ва 41 та хорижий давлат вакилларидан иборат жами 825 нафар чет эллик кузатувчиларнинг иштирок этганлигининг ўзиёқ мазкур сиёсий жараёнга халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши қанчалик юқори бўлганлигини кўрсатди. Бу ўз навбатида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий ислоҳотларга дунё ҳамжамиятининг билдирган ишончи десак муболаға бўлмайди. Энг муҳими, бўлиб ўтган сайловлар очиқлик ва шаффофлик, демократик принциплар асосида ўтганлиги эътироф этилди.
Бўлиб ўтган парламент сайловларининг яна бир аҳамияти шунда бўлдики, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар нафақат синовдан ўтди, балки, улар “сийлов”дан ҳам ўтишди. Бунга биз, сайловолди ташвиқотларида, демократик дебатларда сиёсий партияларни чиқишлари ва уларнинг ўзаро баҳс-мунозараларида гувоҳ бўлдик. Майлида, эҳтимол бу ҳам демократиянинг бир кўриниши бўлса, ажаб эмас. Нима бўлганда ҳам биз қайси партия одамларга нима бера олади, қайси партиянинг раҳбари халқнинг ҳурматига қанчалик сазовор бўлди. Булар ҳақида ҳеч бўлмаганда оз бўлса-да, ўзимиз учун хулоса чиқариб олдик. Кўпчилик сайловчиларнинг хулосалари ўлароқ, 2020 йил 5 январь куни 25 та сайлов округида Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар учун қайта овоз берилди.
Шуни ҳам айтиш жоизки, айрим ҳудудларда бўлиб ўтган сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари ҳам бўлди. Буни биз ижтимоий тармоқлар орқали кузатдик. Бундан таъбимиз хира бўлгани ҳам рост. Шуни таъкидлаш жоиз, ижтимоий тармоқларда кўрсатилган лавҳалар, берилган маълумотлар қанчалик холис ёки бўрттириб кўрсатилганлиги, унинг муаллифига ёки бугунги тил билан айтганда “блогер”ларга ҳавола. Биз бўлиб ўтган парламент сайловларига баҳо бериш мақсадидан йироқмиз. Қолаверса, Президентимиз таъбири билан айтганда, бўлиб ўтган парламент сайловларида халқимиз фаол иштирок этиб, ўзининг баҳосини бериб бўлди.
Лекин, бир нуқтани унутмаслигимиз керак. Бизнингча, бўлиб ўтган парламент сайловларида содир бўлган айрим қонунбузарликлар (булар ижтимоий тармоқларда намойиш этилган)нинг икки сабаби бор. Буларнинг бирини “объектив”, иккинчисини “субъектив” сабаб деб, айтиш мумкин. Биринчиси сайловчи сайлов қонунчилигини билмайди ва уни бузади. Иккинчиси эса, сайлов қонунчилигини билади, лекин, унга риоя қилмайди. Ачинарлиси, буларни кўпчилигини мансабдор шахслар ташкил этади.
Ҳар икки сабабни – у “объектив” бўладими ёки “субъектив”ми фарқи йўқ, уларни оқлаш мумкин эмас. Чунки қонунни билмаслик ҳам, унга риоя қилмаслик ҳам жамият тараққиётини ортга суради.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни ривожланишига тўсиқ бўлади. Яна ҳам ачинарлиси, қонун бузилишидаги бундай “объектив ва субъектив” сабаблар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга бўлган халқаро жамоатчиликнинг ишончини сўндириши мумкин. Бу ҳам майли. Чунки ҳар беш йилда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш учун халқаро кузатувчилар аввал ҳам келган, сайлов жараёнларини кузатган, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини айтишган ва яна ўз юртларига кетишган. Бундан кейин ҳам бу жараён давом этаверади. Лекин, Ўзбекистонни тараққиёти, мамлакатимизда демократик жамият барпо этишдан ким кўпроқ манфаатдор, албатта биз ўзимиз эмасми? Давлат раҳбари кўп бор таъкидлаганларидек, ҳеч ким четдан келиб биз учун фаровон ҳаётни, демократия устувор бўлган адолатли жамиятни барпо этиб бермайди.
Ҳозир бу ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки бўлиб ўтган парламент сайловларидан хулоса қилиб, мамлакатимиз сайлов тизимининг афзалликлари ҳақида фикр билдирмоқчимиз.
Маълумки, дунёда сайлов тизими мажоритар ва пропорционал сайлов турига асосланади. Мажоритар сайлов тизимида номзодга тўғридан-тўғри овоз бериш имкони бор. Пропорционал сайлов тизимида эса, сайловчилар номзодга тўғридан-тўғри овоз бермайди. Бундай сайлов тизимида сайловчилар номзодга эмас, балки партияларга овоз беради, яна ҳам аниқроғи, сиёсий партия тақдим этган номзодлар рўйхатига овоз беради.
Ўзбекистонда мавжуд бўлган сайлов тизими халқимизни менталитетидан келиб чиқиб танланган десак, тўғри бўлади. Мажоритар сайлов тизимида сайловчилар бир вақтнинг ўзида сиёсий партиянинг дастурига ва у кўрсатган номзодга овоз бериши билан эътиборга молик.
Буни парламент сайловларида ишончли 2-ўринни эгаллаган “Миллий тикланиш” демократик партияси мисолида тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловларда сайловчилар “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан кўрсатилган 35 нафар номзодни қўллаб-қувватлади ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлади. Бироқ сайловчилар билан лозим даражада учрашувлар ўтказмаган ва сайловчилар билан иш олиб бормаган (буни партия раҳбари ўзи ҳам тан олди) партия раҳбарининг номзодини қўллаб-қувватламади.
Бу сиёсий партия раҳбари фақат “такрорий овоз бериш”да Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди. Агар мамлакатимиз сайлов тизими пропорционал сайлов турига асосланганда, юқорида номи қайд этилган сиёсий партия етакчисининг номзоди Қонунчилик палатаси депутатлигига биринчи навбатда ўтган бўлар эди. Ана сизга Ўзбекистонда мавжуд бўлган сайлов тизимини афзаллик томони.
САЙЛОВЛАР НЕГА АЙНАН ҚИШ МАВСУМИДА ЎТКАЗИЛАДИ?
Энди парламент сайловларини айнан қиш мавсумида, аниқроғи, декабрь ойида ўтказилиши ҳақида. Нимага бу масалага тўхталмоқчимиз? Чунки, кейинги вақтларда айрим сиёсатчилар томонидан Ўзбекистонда парламент сайловларини баҳор ойларига кўчириш таклифи илгари сурилмоқда. Бизнингча, бу етарлича асослантирилмаган таклиф деб ўйлаймиз.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси, иккинчи қисмида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади” деб белгиланган.
Хўш, нима учун мазкур қоида конституция даражасида мустаҳкамланган? Чунки мамлакат вакиллик органлари улар турли даражада бўлмасин, ваколат муддати қатъий белгиланиши керак. Бу демократияниг муҳим шарти ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистон шароитида одамлар қиш мавсумида нисбатан “сиёсий фаолроқ” бўлишади. Баҳор мавсумида эса, таъбир жоиз бўлса, “иқтисодий фаол” бўлишади.
Тўғрида, ўзбеклар баҳорда деҳқончилик билан, аниқроғи, тирикчилик билан банд бўлади. Тасаввур қилинг, танти ўзбек деҳқонини баҳорда ўз даласидан сайловга олиб келиб бўладими? Кечирасиз, ош дамласангиз ҳам, ўзбек деҳқони ўз даласини ташлаб сайловга келмаса керак.
Қолаверса, қиш мавсумида ҳам бир миллиондан кўпроқ ўзбекистонликлар қўшни мамлакатларда меҳнат қилиб юришибди. Баҳор мавсумида уларни сони икки-уч баробарга ошиб кетмайди деб ким кафил бўлади. Уларни сайловга оид конституциявий ҳуқуқлари қандай таъминланади. Хорижда минглаб сайлов участкаларини ташкил этиш имкони бўладими? Бизнингча йўқ.
Шунинг учун ҳам давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар айнан декабрь ойида ўтказилиши тўғри бўлган, деб ҳисоблаймиз. Тўғри, қиш мавсумида аҳоли томонидан электр, газ, сувга оид муаммоларни кўтариши депутатликка номзодларга малол келиши мумкин, лекин бундан кўрқмаслик керак.
Ишончимиз, Ўзбекистон шундай ривожланишда давом этадиган бўлса, навбатдаги парламент сайловларига қадар қишлоқ ҳаётида бугун мавжуд бўлган электр, газ, сув муаммолари бўлмайди. Бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак.
Албатта, юқорида айтилган фикр-мулоҳазалар баҳсли бўлиши ҳам мумкин. Улар инкор этадиганлар ҳам топилади. Ва бу табиий.
Лекин шу нарса маълумки, мантиқ фанида инкорни — инкор қонуни мавжуд. Эсимда, талабалик давримизда домладан бу қонун нима учун керак, деб сўраганимизда, у киши шундай жавоб берган эди: "Агар, ҳаётимизда инкорни инкор қонуни ишламайдиган бўлса (қўлланилмаса), у ҳолда жамият тараққиётдан тўхтайди. Хулоса ўзингиздан.
Абдуманноб РАҲИМОВ,
ҳуқуқшунос