Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссиясининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Унда округ комиссияси раиси Назира Тоғаева комиссия ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик тамойиллари асосида ташкил этиши, комиссия қарорлари очиқ овоз бериш орқали умумий таркибнинг кўпчилик овози билан қабул қилинишини таъкидлади.
Йиғилишда дастлаб сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режаси комиссия аъзолари эътиборига ҳавола этилиб, иш режа барча жараёнларни тўғри ва самарали ташкил этиш, мавжуд куч ва имкониятларни оқилона тақсимлаш ҳамда йўналтиришда муҳим омил эканлиги таъкидланди.
[gallery-12042]
Тадбирда ҳудудда 415 та участка сайлов комиссияларини тузиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида округ комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвалини тасдиқлаш, округ комиссиясининг иш ҳужжатлари номенклатураси тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, округ комиссияси аъзолари томонидан тасдиқланди. Шунингдек, йиғилишда округ комиссияси ҳузуридаги матбуот марказининг таркиби тасдиқланди.
Таъкидланганидек, яқин кунларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ўқув машғулотлари, семинарлар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилади. Тадбир сўнгида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, округ сайлов комиссиясининг барча аъзоларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА