Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайловга оид мурожаатларга ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда
18:20 / 2023-06-27

Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларини аккредитация қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотига доир масалалар кўриб чиқилди.

– Шу йилнинг 24-27 июнь кунлари Марказий сайлов комиссиясига жисмоний ва юридик шахслардан жами 13 та мурожаат келиб тушган, – деди МСК аъзоси Б.Юнусов. – Қайд этиш жоизки, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда, ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолдирилмаяпти. Жумладан, мазкур мурожаатларнинг 6 таси сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари билан боғлиқ. Уларга тегишли тушунтиришлар берилди. Қолган 7 таси тегишли ташкилотларга юборилди.

Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

[gallery-12526]

Шунингдек, мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан МДҲ, ШҲТ ҳамда хорижий давлатлардан жами 77 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 102 нафар вакили аккредитация қилинди. Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 1 минг 257 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан 8-Сирдарё, 13-Қашқадарё ҳамда 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА