Наманган вилоятидаги барча сайлов участкалари, хусусан, Наманган шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат мактаби биносида жойлашган 67-сайлов участкасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва вилоят, шаҳар, туман Кенгашларга сайловда овоз бериш жараёни бошланди.
Таъкидлаш даркор, мазкур участка биноси эрта тонгдан ҳамюртларимиз билан гавжум. Соат 08:00 ни кўрсатиши билан Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради. Сиёсий жараёнларга старт берилди.
Сайлов участкасида барвақт ҳозир бўлган Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, “Эл юрт ҳурмати” ордени соҳиби Икромхон Нажмиддинов биринчилардан бўлиб овоз берди.
[gallery-20015]
– “Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остидаги бу галги парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайлов аввалгиларига қараганда тубдан фарқ қилган ҳолда юксак уюшқоқлик билан ташкил этилди. Сайлов кампаниясига нафақат республикамиз, балки дунё ҳамжамиятида ҳам қизиқиш юқори, – дейди сенатор Икромхон Нажмиддинов. – Сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар халқаро стандартлар талаблари асосида, Сайлов кодекси нормаларига мувофиқ очиқ, ошкора, демократик руҳда бўлмоқда.
Номзодларнинг сайловолди учрашувлари, ташвиқотлари учун тенг ва бир хил имконият ҳамда шароитлар яратилди. Фуқаролик бурчимни ҳис этган ҳолда, номзодларнинг сайловолди дастурлари билан яхшилаб танишиб чиқдим, улар билан бўлиб ўтган учрашувларда қатнашдим. Бундан ташқари ойнайи жаҳон орқали тўғридан тўғри эфирга узатилган сиёсий партияларнинг дебатларини томоша қилиб, уларнинг яқин беш йилда Ватанимиз равнақи ва элимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилувчи ҳаётбахш ғоя ва ташаббуслар илгари сурилганига гувоҳ бўлдик.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда охирги йилларда инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишлар ва бунёдкорлик ишларидан илҳомланган ҳамюртларимиз ислоҳотларга дахлдорликни ҳис этган ҳолда ўз сиёсий иродасини кўрсатиб, овоз беришда фаол қатнашмоқда.
– Сайловда участкамиз томонидан рўйхатга олинган Сардоба маҳалласи ҳудудидаги Алишер Навоий, Нодира, Андижон, Амир Темур ва Саъдий Шерозий кўчаларида яшовчи 1 минг 491 нафар фуқаро иштирок этиши кутилмоқда, – дейди Наманган шаҳридаги 67-участка сайлов комиссияси раиси Абдубанно Зайлобов. – Улардан тўрт нафари 16-23 октябрь кунлари муддатидан илгари овоз берди. Бугунги сайловда сайлаш ёшига етган 161 нафар ёш йигит-қиз илк маротаба конституциявий ҳуқуқидан фойдаланади. Қолаверса, сайлов участкасига келолмайдиган ногиронлиги бор, уйида ётиб қолган тўққиз нафар сайловчининг хонадонига кўчма сайлов қутиси олиб борилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dmmXAH7pFzs" title="Saylovda 1 million 639 mingga yaqin namanganliklar ovoz berishi kutilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси, Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғуновнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, бугун сайловда Наманган вилоятидаги мавжуд 837 участкада жами 1 миллион 638 минг 809 нафар сайловчининг иштирок этиши кутилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.