Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайловчилар мурожаатлари ўрганилди
12:33 / 2026-01-31

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳамда Ширин шаҳрида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувлар аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ҳудудлардаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилди.

Боёвут туманидаги ташриф туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов қабулидан бошланди. Қабул давомида ҳоким ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган истиқболли режалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, ички ва асосий йўлларни таъмирлаш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг депутат туманнинг “Совотобод”, “Маданият”, “Тинчлик” ҳамда Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли, тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар, ёш спортчилар ва ёшлар билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар давомида дренаж (тикқудуқ)ларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, йўл қурилиши ва таъмири, имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатиш, Алишер Навоий номидаги МФЙ биносини реконструкция қилиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби масалалар кўтарилди.

Билдирилган барча мурожаатлар депутат томонидан атрофлича ўрганилиб, уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилот ва идораларга депутатлик сўровлари юборилди.

Депутатнинг навбатдаги учрашувлари Ширин шаҳрида давом этди. Шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова билан бўлиб ўтган мулоқотда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш бўйича режалаштирилган ишлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Гавҳар Олимова шаҳардаги Энергетика техникумида ёшлар билан, маҳаллаларда эса тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди. Амир Темур, “Дўстлик”, Мирзо Улуғбек ва “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган мулоқотларда кўп қаватли уйлар атрофига видеокузатув камераларини ўрнатиш, имтиёзли кредитларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш, ички йўлларни таъмирлаш масалалари бўйича билдирилган мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.

Боёвут тумани ва Ширин шаҳридаги учрашувлар давомида депутат мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлашга қаратилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифаларнинг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказди. Шу мақсадда профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини такомиллаштириш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича билдирган таклифлари ўрганилиб, Боёвут тумани ва Ширин шаҳри ҳокимларига жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА