27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови ҳал қилувчи паллага кирмоқда. Айни пайтда сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ўз сайловолди ташвиқоти тадбирларини ўтказмоқда. Сайлов участкаларида ҳам сайловчилар рўйхатлари чиқарилиб, овоз беришга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бугундан муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди.
– Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга, – дейди Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси котиби Амрилло Актамов. – Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. Шунга кўра, Марказий сайлов комиссияси жорий йилги сайловда муддатидан олдин овоз беришни 2024 йил 16 – 23 октябрь кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 га қадар ўтказишни белгилади. Вилоятимиздаги 1130 та сайлов участкасига муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш учун сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари етказиб берилди.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиши лозим.
Самарқанд тумани Оқмачит маҳалласида яшовчи Камола Мансурова 27 октябрь куни оилавий маросим сабабли яшаш жойида бўла олмаслиги сабабли бугун 865-сайлов участкасига келиб, ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўзи танлаган сиёсий партия ва депутатликка номзодларга муддатидан олдин овоз берди.
– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилаётган сайловда қатнашадиган партиялар ва номзодлар дастурлари билан танишдим, сайловолди тарғибот тадбирларида қатнашдим – дейди К.Мансурова. – Демоқчиманки, дастурлардаги ўзимга маъқул келган таклиф ва ташаббусларни биламан. Шундан келиб чиқиб, бугун ўзим танлаган партия ва номзодларга овоз бердим. Улар парламент ва маҳаллий Кенгашларда бизнинг вакилларимиз сифатида дастурда белгиланган вазифаларни амалга оширишларига ишонаман.
[gallery-19780]
Самарқанд туманидаги 865-сайлов участкасида 2500 дан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган.
– Ҳозирда маҳалладаги хонадонларнинг ҳар биридаги сайловчилар сонига аниқлик киритилиб, рўйхат такомиллаштирилмоқда, – дейди 865-участка сайлов комиссияси раиси Анвар Зоҳидов. – Ҳозирда участкада овоз беришни ўтказиш учун барча шароит яратилган. Зарур жиҳоз ва техник воситалар, сайловга оид қонун ҳужжатлари ва маълумотномалар билан таъминланганмиз. Бугундан бошланган муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш учун сайлов бюллетенлари, конверт ва бошқа воситаларни олганмиз.
Вилоятдаги бошқа сайлов участкаларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари