Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг Тошкент вилояти Олмалиқ туманида сайловчилар билан учрашувида сайловчилар сўзга чиқиб, номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрини билдирди.
Ўткир Носиров, профессор, “МИСиС” Олмалиқ филиали илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари:
– Олмалиқ шаҳри саноат зонаси ҳисобланади. Шундай бўлсада, бу ерда экологияни асраш бўйича ижобий ишлар қилинмоқда. Экологик партиянинг Олмалиқ шаҳар Кенгаши олмалиқликлар иштирокида турли акциялар ўтказиб келаётгани сир эмас. Масалан "Дарахт экиш акцияси". Бунда экологлар саноатлашган зонада яшилликнинг барқарор бўлиши учун балансни ушлашга ҳаракат қилмоқда.
Яна бир муҳим вазифа, бу ёшларнинг илмий ишларини ҳаётга татбиқ қилишдир. Мен фаолиятимдан биламанки, бундай ёшлар жуда кўп. Улар замонавий фикрлайди. Уларга имконият бериш орқали яхши ғоялар рўёбини кўришимиз мумкин.
Хумора Нишонова, Олмалиқ шаҳар “Ёшлар иттифоқи” аъзоси:

– Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, оммавий спорт ва жисмоний тарбия ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ аниқ йўналишлар белгиланган. Бу устувор ғоялар келажакда Ўзбекистон Экологик партиясининг Қомуси сифатида амалиётда қўлланишига ишонаман. Мен барчани муносиб номзодга овоз беришга чақираман.
Хадича Очилова,“Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

– Саноат зоналари кўпайган бугунги кунда экологияни асраш жуда долзарб масала. Бу масалаларга аниқ ечим ва таклифларни Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида кўриш мумкин. Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ёшларнинг экологик маданиятини ошириш лозимлиги қайд этилмоқда. Албатта, бу жуда тўғри ёндашув. Ёшларнинг экомаданияти қанчалик юқори бўлса келажак ишончли қўлларда бўлади.
Азамат Мавлонов, “Олмалик КМК” АЖ Ёшлик Кон бошқармаси устаси:

– Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти кўпчиликка яхши таниш бўлса керак. Ҳозир ҳам комбинатда иш қизғин. Биз иш жараёнларида ҳамиша экологик муҳитни асрашга ҳаракат қиламиз. Бунга комбинатга келган меҳмонлар ҳам гувоҳ бўлган. Айтиш мумкинки, бу жиҳат яъни иш фаолиятимизда экологик маданиятни юқори даражасини кўрсатиш, аввало, ўзимиз ва кейинги авлод учун фойдали. Олмалиқ шаҳрида яшилликни кўпайтириш ҳам бу борада яхши натижа беради.
Абдулазиз Мусаев ёзиб олди.
ЎзА