Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов жараёнларида ННТлар ҳам фаол иштирок этади
16:23 / 2024-09-24

Термизда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси “Сайлов жараёнларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли” мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказди.

Тадбирда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари З. Алимардонова, вилоят адлия бошқармаси адлия бош маслаҳатчиси Б.Мустафақулов ва бошқалар жорий йилнинг 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайловига пухта ҳозирлик кўрилаётганини алоҳида таъкидлади. Муҳим сиёсий кампанияни ўтказиш билан боғлиқ янгиланишлар хусусида атрофлича сўз юритди. Сайлов қонунчилигимиздаги ўзгаришлар ва бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни ҳамда аҳамияти тўғрисида фикр алмашилди. 

Айни пайтда вилоятда 600 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилот фаолият юритмоқда. Вилоятда ташкил этилган участка сайлов комиссиясининг 10 минг 689 аъзосидан 323 нафари ННТлар ходимларидир. Шунингдек, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси таркибида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг энг фаол 4 нафар вакили киритилган. Улар ҳам ННТларнинг сайлов жараёнлари юзасидан хабардорлигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг сайловларда фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашмоқда. 

Давра суҳбатида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, сайлов қонунчилиги, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тарғибот тадбирларини амалга ошириш масалалари, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ННТларнинг ҳуқуқий имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали демократик сайлов жараёнларини ривожлантириш имкониятлари ҳам муҳокама этилди. Сайлов жараёнларида ННТларнинг янада фаол иштирокини таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири