Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов якунланди. Навбат ишга...
13:25 / 2020-01-06

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзоси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати гувоҳномаси, кўкрак нишони тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.


Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича 25 сайлов округида ўтказилган такрорий овоз бериш якунлари бўйича маълумот берилди. Шунингдек, сайланган депутатларни рўйхатга олиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзоси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати гувоҳномаси, кўкрак нишони тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов олиб борган мажлисда комиссия аъзолари, масъул ходимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Таъкидланганидек, 21 декабрь кунига қадар 750 номзоднинг 6 нафари Марказий сайлов комиссиясига ўз ихтиёри билан берган аризасига биноан, номзодлар рўйхатидан чиқарилди ва 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун бешта сиёсий партиянинг 744 номзоди кураш олиб борди. 
  
cb3d9df6478475bfda3d50946d446f9c.jpgСайлов натижасига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 125 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи сайлов округидан номзодлар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган, деб топилиб, рўйхатга олинди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 сайлов округида биринчи турда ғолиблар аниқланмагани учун, яъни бирорта ҳам номзод сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини олмаганлиги сабабли, ушбу сайлов округларида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг энг кўп овозларини олган номзодлар учун такрорий овоз бериш 2020 йил 5 январь куни ўтказилди.

Такрорий овоз бериш 1730 сайлов участкасида бўлиб ўтди. Ушбу сайлов участкаларида 3 миллион 147 минг 79 фуқаро Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 миллион 978 минг 48 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди. Демак, фуқароларнинг 62,8 фоизи жараёнда қатнашган.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашларига сайлов ўтказувчи 95 сайлов округидаги 1104 сайлов участкасида ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 587 сайлов округидаги 1117 сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди.

Сайлов кодексининг 59-моддасига асосан такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.

Такрорий овоз бериш жараёнини депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 5 мингдан ортиқ кузатувчи кузатиб борди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда ҳудудий сайлов комиссияларидан аккредитациядан ўтган маҳаллий журналистлар сайловлар жараёнини фаол ёритиб борди.

Йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида (25 та) ўтказилган такрорий овоз беришнинг якунлари ва улардан сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Шундай қилиб, дастлабки ҳамда такрорий овоз бериш натижасида, яъни сайловларнинг умумий якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 53, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 36, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 24, Ўзбекистон Халқ демократик партияси 22, Ўзбекистон Экологик партияси 15 депутатлик ўрнини эгаллади.

Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олиш Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баённомалар асосида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олади. Депутат этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган пайтдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутати мақомига эга бўлади. Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссиясига Қонунчилик палатаси депутатининг мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни ўз зиммасидан соқит қилганлиги тўғрисида ёзма шаклда маълум қилиши шарт. Қонунчилик палатаси депутатларига Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кун ичида гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.

Мажлисда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисида намунавий низом тасдиқланди.

Депутат гувоҳнома ва кўкрак нишонидан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади. Депутат ўз ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.