Шу кунларда жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёни қизғин паллага кирган. Сайловни юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтишини таъминлаш мақсадида Андижон вилоятида ташкил этилган 931 та сайлов участкаларида зарур барча шароитлар яратилган.
Сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаланиши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишининг асосий кўринишларидан биридир. Шу боис ҳам бўлажак сайловни ҳар жиҳатдан пухта ва юқори савияда ўтишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоятдаги сайлов участкалари фаолияти белгиланган тартиблар доирасида йўлга қўйилди. Уларнинг барчаси зарур жиҳозлар, техник воситалар ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланди.
Андижон шаҳри Ишчилар маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 7-умумтаълим мактабида ташкил этилган 47-сайлов участкасида ҳам сайловга тайёргарлик ишлари қатъий ва белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Сайлов участкаси хоналари сайлов қонунчилигида белгиланган талаблар асосида жиҳозланиб, зарур техника воситалари – телефон, нусха кўчириш аппарати, интернет тармоғи, ва тегишли адабиётлар билан таъминланган. Қолаверса, сайловчилар учун қатор қулайликлар яратилган. Жумладан, сайлов қонунчилигига оид плакатлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Президентликка номзодлар тўғрисидаги тарғибот воситалари жойлаштирилган. Бундан ташқари, тиббий пункт ташкил этилган.
[gallery-4145]
– Сайлов участкамизда 1 минг 451 нафар сайловчи рўйхатга олинган, – дейди Андижон шаҳридаги 47- участка сайлов комиссияси раиси Гулнорахон Зоҳидова. – Улардан 20 нафари сайловлардан илк бор қатнашадиган, биринчи бор овоз берадиган ёшлардир. Аҳоли, айниқса, ёшлар сайлов қонунчилигига оид тартиблар, овоз бериш қоидалари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар билан таништирилмоқда, умуман, зарур тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Маълумки, сайлов қонунчилигимизда хизмат сафарига бориш ёки бошқа сабабларга кўра, сайлов куни сайлов участкасига келолмайдиган сайловчиларнинг олдиндан овоз бериши мумкинлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, участкамизда сайлов куни келолмайдиган сайловчиларнинг олдиндан келиб, тегишли тартибда овоз беришлари учун ҳам зарур чоралар кўрилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Президент сайлови бўйича ҳуқуқий асослар миллий тажриба ва умумэътироф этилган халқаро нормалар асосида тўла шаклланган. Адолатлилик, очиқлик, ошкоралик каби демократик тамойилларга асосланган сайловлар сайловчиларга ҳамда сиёсий партияларга сайлов жараёнида эркин иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратиб беради.
– Яқинда 18 ёшга тўлдим, – дейди Саидахон Рўзиева. – Шу боис, бу йил Президент сайловида илк бор иштирок этаман. – Тарғибот материаллари, Президентликка номзодлар, уларнинг дастурлари билан танишдим. Сайлов куни конституцион ҳуқуқимдан фойдаланиб, ўзим муносиб деб топган номзод учун овоз бераман.
Андижон вилоятидаги сайлов участкаларида Президент сайловини юқори савияда ўтказиш борасида зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА