Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов участкалари тайёр
11:44 / 2024-10-23

27 октябрь куни мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови ўтказилади. Айни пайтда юртимиздаги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз беришни ўтказиш учун сўнгги тайёргарлик юмушлари амалга оширилмоқда.

Самарқандда ҳам вилоят ҳудудий сайлов комиссияси бошчилигида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда.  

 – Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 май куни қабул қилинган қарорига мувофиқ, мамлакатимиз тарихида биринчи марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди, – дейди Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиев. – Жумладан, Самарқанд вилояти чегараси доирасида 21 кишидан иборат вилоят ҳудудий сайлов комиссияси ташкил этилди. Комиссия раиси ўринбосари ва котиби доимий асосда фаолият олиб бормоқда.

Бу йилги сайловда комиссиялар тизими бироз ўзгарган. Яъни эндиликда Президент сайлови, референдум, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун округ сайлов комиссиялари тузилмайди. Бу вазифани ҳудудий сайлов комиссиялари бажармоқда. Туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказиш учун ҳам округ сайлов комиссияси бўлмайди ва уларнинг функцияси туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилди.  

Биз шу пайтгача ўз ваколатимиздан фойдаланиб, Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи тузиб, округ сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлардик.  

[gallery-19935]

Илгари Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари учун депутатлик ўринлари бир хил, яъни вилоятда 60 та, туман ва шаҳарларда эса 30 та этиб белгиланганди. Энди эса ҳудудда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар қарори билан депутатлик ўринлари белгиланмоқда. Яъни Самарқанд вилоятида аҳоли сони 3 миллиондан ортиқлиги учун Халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60 та депутатлик ўрни белгиланган. Туман ва шаҳарларда эса 20 тадан 30 тагача депутатлик ўринлари тасдиқланди.

Ҳудудий сайлов комиссияга киритилган тақдимнома асосида вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказувчи 1130 та сайлов участкаси тузилди. Энг кўп участкалар Самарқанд шаҳри (180 та) ва Ургут туманига (127 та) тўғри келса, энг ками Каттақўрғон шаҳри (33 та) ва Пахтачи туманида (47 та) ташкил этилди. Сайлов участкаларининг 878 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 67 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 59 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида, 14 таси ҳарбий қисм, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида жойлашган.  

Барча сайлов участкаларида комиссия аъзоларининг самарали ишлаши учун ва овоз берувчиларга қулай шароит яратилган. Участка сайлов комиссиялари бинолари талаб даражасида жиҳозланган. Участкалардаги стендларда номзодларга оид маълумотлар, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган намунадаги овоз бериш бюллетени ва уни тўлдириш тартиби жойлаштирилган. Шунингдек, сайлов участкасининг харитаси, участка комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчилик жадвали, фуқаролар мурожаати учун Марказий сайлов комиссиясининг ишонч телефони ёки электрон манзили, округ комиссияси, тегишли туман (шаҳар) суди ва прокуратураси телефон рақамлари акс эттирилган маълумотлар ҳам мавжуд.  

Участка сайлов комиссиялари таркибига 12 минг 144 киши жалб этилган. Уларнинг 5598 нафари, яъни 46 фоизи хотин-қизлардан иборат. Комиссия аъзоларининг 52 фоизи халқ таълими тизими ходимлари, 17 фоизи давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, 10 фоизи жамоат ташкилотлари вакилларидир.

Вилоятда сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш ишлари ҳам бир неча босқичда олиб борилди. Дастлаб комиссия раиси ва ўринбосарлари, котиблар ўқитилган бўлса, кейинги жараёнларда комиссия аъзоларига бу йилги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари тушунтирилди. Назарий ва амалий ўқув машғулотлари ўтказилди.

– Бу йил илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади, – дея сўзида давом этади Х.Муҳаммадиев. – Яъни парламентимиз қуйи палатаси 150 депутатининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита номзодларга берган овозларига мувофиқ, яна етмиш беш нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланади. Марказий сайлов комиссияси томонидан вилоятимизда Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи бир мандатли 8 та сайлов округи тузилган ва мазкур сайлов округлари бўйича 5 та сиёсий партиядан кўрсатилган 40 нафар депутатликка номзод рўйхатга олинган. Депутатликка номзодларнинг “E-saylov” ахборот тизими орқали киритган аризаларига мувофиқ комиссиямиз томонидан уларнинг ишончли вакиллари рўйхатга олиниб, гувоҳномалар берилди.

Ўз навбатида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги 60 та сайлов округига бешта сиёсий партиядан кўрсатилган 300 нафар номзодни рўйхатга олиб, уларга ҳам номзодлик гувоҳномалари берилди. Номзодларнинг 41 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Шу йилнинг 22 сентябридан бошлаб сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ўтказилмоқда. Бу жараён ҳам Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Қонунчиликка кўра, сайлов куни яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу жараён сайловдан ўн кун олдин бошланиб, уч кун қолганда якунланади. Мазкур тартиб асосида юртдошларимиз шу йилнинг 16-23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз бериш имкониятига эга бўлди. Бунинг учун участка сайлов комиссияларига сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари етказиб берилди.

Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимида қайд этилишича, бу йилги сайловда вилоят бўйича 2 миллион 156 минг  сайловчи рўйхатга олинган. Шу кунларда сайлов участкаларида сайловчилар рўйхати эълон қилиниб, уларга аниқлик киритилди.

Айни пайтда вилоятимиздаги барча сайлов участкалари 27 октябрь куни ўтказиладиган овоз бериш жараёнларига тайёр ҳолатда турибди. Ишонамизки, самарқандликлар “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилаётган бу йилги сайловда юртимизнинг эртанги куни ва ўз келажакларига бефарқ бўлмаган ҳолда фаол иштирок этиб, муносиб номзодларга овоз берадилар.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари