French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар маромига етказилди
11:34 / 2021-01-30

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамаларида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар, Ёшлар парламентлари аъзолари, олимлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилган эди. Парламент қуйи палатасининг расмий-веб сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилган лойиҳа юзасидан мингга яқин таклиф ва фикр-мулоҳазалар келиб тушди. Ишчи гуруҳ аъзолари берилган таклифлар асосида лойиҳани пишиқ-пухта ҳолатга келтирди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, қонун ижодкорлиги амалиётида илк маротаба қонун лойиҳаси киритилгандан сўнг унинг инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази хулосаси олинганидир. Ушбу хулосада қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқлари, хусусан шахснинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириши билан боғлиқ бўлган халқаро ҳужжат ва стандартларга мувофиқлиги қайд этилган.

Биринчи ўқишга киритилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 та моддасига, Сайлов кодексининг 29 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган эди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Қонунчилик палатаси қўмиталарида, сиёсий партиялар фракцияларида бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилди, фракциялараро мунозаралар ўтказилди. Муҳокамаларда билдирилган асосли таклифлар инобатга олинди. Хусусан, Уставда назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли Адлия вазирлиги томонидан белгиланишига оид норма ҳам “Миллий тикланиш” ДП фракцияси ташаббуси билан чиқарилди. Қолаверса, қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар томонидан билдирилган таклифлар асосида сиёсий партияларнинг сайлов учун ажратилган маблағлар юзасидан Ҳисоб палатасига ҳисобот бериши ҳақидаги норма чиқарилди.

Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф этилгани халқ вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Депутатларнинг таъкидлашича, бунинг натижасида, энг аввало, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади. Шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароитларида фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади. Шу тариқа сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади.

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда. Лойиҳа билан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойда кўчма қутиларда овоз беришининг ҳуқуқий асоси яратилмоқда. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиши тартиби белгиланмоқда. Сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари асосида бир қатор ўзгартишлар киритиш таклиф этиляпти. Хусусан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда. Шу билан бирга, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши кўзда тутиляпти.

Парламент аъзоларининг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали миллий сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига янада мувофиқлаштирилади, сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтиши таъминланишига эришилади. Фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароит яратилади. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши кафолатланади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА