Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар ўтказилди.
Вилоят ёшлари иштирокида ўтказилган тадбирда Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов, Қонунчилик палатаси депутатлари Наврўз Ризаев ва Ғайрат Абдиев мазкур қонунни ишлаб чиқиш зарурияти ва у билан мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

– Конституциявий қонун лойиҳасида иккита муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган, – деди Худоёр Маматов. – Биринчидан, Марказий сайлов комиссияси бошчилик қиладиган марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини ташкил этиш, иккинчидан, мамлакат сайлов тизимига аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов шаклини жорий этиш назарда тутилган. Бу мамлакатимиздаги демократик янгиланиш жараёнлари, қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, рефрендум ва сайловларда орттирилган тажрибалар ва халқаро амалиёт ўрганилиши асосида ишлаб чиқилди. Сайлов комиссиялари тизимига киритилаётган ўзгартиришга мувофиқ мамлакатимизда сайлов комиссиялари тизими –– Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман/шаҳар сайлов комиссиялари, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари, шунингдек, участка сайлов комиссияларига Марказий сайлов комиссияси бевосита бошчилик қилади. Бу барча босқичдаги сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда миллий сайлов қонунчилигининг бир хилда қўлланилиши ва демократик сайлов стандартларига асосланган ягона сайлов амалиёти шаклланишида ижобий натижа беради. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг аралаш сайлов тизими асосида сайланиши эса сиёсий партияларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини ва жамиятдаги фаоллигини янада оширишга хизмат қилади. Чунки, қонун кучга кириши билан сайловчилар нафақат номзодларга, балки партиянинг ўзига, дастурига ҳам овоз берадилар.

Семинарда Қонунчилик палатаси депутатлари Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари, унда белгиланаётган нормалар моҳияти ҳақида батафсил тушунча берди.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Шу каби семинар Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида тиббиёт ходимлари иштирокида ҳам ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири