Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилишининг зарурати бормиди?
11:04 / 2021-02-08

Бу ўзгариш сиёсий тизим барқарорлигини таъминлаб бера оладими?

Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги такомиллаштирилди. Ушбу ўзгаришлар сиёсий тизим барқарорлигини қай даражада таъминлаб бера олади? Хўш, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайловчилар ва мамлакат сиёсий ҳаётида қанчалик аҳамиятга эга?

Собир ТУРСУНОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Сайлов – сийлов эмас, аслида у синовдир! Сайлов бу ишонч, муштарак мақсадларга интилиш, орзу-умидларни бирлаштиришдир. Шу нуқтаи назардан, мамлакат эртаси, фарзандлар келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этади.

Сайловлар жамият фаравонлиги, мамлакат тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ сиёсий тадбир экани боис фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида бораётган ҳар бир давлатда сайлов қонунчилигига алоҳида эътибор қаратилади. Шу маънода айтганда, у мунтазам равишда замон билан ҳамнафас тарзда янгилаб боришни талаб этади. Шундан бўлса керак, дунёнинг бирор бир мамлакатида идеал сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат доимий равишда сайлов қонунчилигини такомиллаштириб боради. Жумладан, бу борадаги ислоҳотлар ҳам Ўзбекистонда изчил амалга оширилиб келинмоқда.

Мустақил тараққиёт йўлимизнинг ўтган йилларига назар ташлайдиган бўлсак, миллий сайлов қонунчилигимиз изчил тадрижий шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими ва сайлов қонунчилиги яратилди. Сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро нормалари ва принципларига мос равишда фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотлар одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи тобора кучайиб бораётганида, жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топаётганида яққол намоён бўлаётир. Ушбу фикримизни 2019 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар яққол тасдиқлайди. “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган мазкур сайловлар Ўзбекистон демократик тараққиёт йўлидан ортга қайтмаслигини яна бир бор исботлади. Мамлакатимиз эртаси, фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро бўлиб ўтган сайловларда фаол иштирок этди. Ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, мамлакатимиз миллий парламентига ва маҳаллий кенгаш депутатлигига ўзлари муносиб деб топган номзодни демократик принциплар асосида сайлади.

Эътиборлиси, сайловни кузатишда 9 та халқаро ташкилот ва 41 та хорижий давлат вакилларидан иборат жами 825 нафар чет эллик кузатувчиларнинг иштирок этганлигининг ўзиёқ мазкур сиёсий жараёнга халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши қанчалик юқори бўлганлигини кўрсатди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий ислоҳотларга дунё ҳамжамиятининг билдирган ишончи десак муболаға бўлмайди.

Яна бир аҳамияти шунда бўлдики, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар нафақат синовдан ўтди, балки, улар “сийлов”дан ҳам ўтишди. Бунга биз, сайловолди ташвиқотларида, демократик дебатларда сиёсий партияларни чиқишлари ва уларнинг ўзаро баҳс-мунозараларида гувоҳ бўлдик. Эҳтимол бу ҳам демократиянинг бир кўринишидир, лекин муҳими шундаки, халқ қайси партия одамларга нима бера олишини билишди. Сиёсий партиялар ҳақида ҳеч бўлмаганда оз бўлса-да, ўзлари учун хулоса чиқариб олди.

Сир эмас, айрим ҳудудларда бўлиб ўтган сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари ҳам бўлди. Буни ижтимоий тармоқлар орқали кузатган одамларнинг таъби хира бўлгани ҳам рост. Ижтимоий тармоқларда кўрсатилган лавҳалар, берилган маълумотлар қанчалик холис ёки бўрттириб кўрсатилганлиги, унинг муаллифига ёки бугунги тил билан айтганда “блогер”ларга ҳавола. Энг муҳими шундаки, бўлиб ўтган парламент сайловларида халқимиз фаол иштирок этиб, ўзининг баҳосини бериб бўлди.

Бўлиб ўтган парламент сайловларида содир бўлган айрим қонунбузарликларнинг сабаблари бор. Масалан, сайловчи сайлов қонунчилигини билмайди ва уни бузади. Ёки сайлов қонунчилигини билади, лекин, унга риоя қилмайди. Яна бир муҳим жиҳатлардан бири шундаки, сайловчи баъзи сабабларга кўра сайловда иштирок этолмайди ва унинг ўрнига бошқа овоз беришга уринади. Қонун бузилишидаги бундай сабаблар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга бўлган ишончини сўндириши мумкин.

Сайлов тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга хизмат қиладиган ҳуқуқий асос – “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш йўлидаги навбатдаги қадам, деб баҳолаш мумкин.

Мазкур қонун долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади. Ушбу қонун, шубҳасиз, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини такомиллаштириш ва сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилди.

Хўш, сайловларни декабрь ойидан октябрь ойига кўчиришнинг нима зарурати бор? Энг аввало, бу билан сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади. Яна бир муҳим жиҳат, қишнинг қировли кунларда сайлов участкаларида фаолият олиб борадиган ходимлар, айниқса, хотин-қизларнинг, шунингдек, конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиш учун сайлов участкаларига ташриф буюрадиган аёллар, кексаларнинг саломатлигини сақлаш, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олиниб, сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади.

Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойда кўчма қутиларда овоз беришининг ҳуқуқий асоси яратилаётгани ҳам муҳим жиҳатлардан бири дейиш мумкин.

Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиши тартиби белгиланаётгани, сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилаётгани ҳам адолат нуқтаи назаридан тўғри бўляпти.

Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири шундаки, сиёсий партиялар сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун ғазначиликда ҳисобварақ очилиши тўғрисидаги норма чиқарилди.

Сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда. Шу билан бирга, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, халқ депутатлари туман(шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман(шаҳар) сайлов комиссияларига ўтказилиши назарда тутилган. Қонунчиликдаги мазкур ўзгариш натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5739 та округ сайлов комиссиялари тугатилади ва оптимизация ҳисобига давлат бюджетининг 33,2 млрд. сўм миқдоридаги маблағи иқтисод қилинади.

Ўзбекистон демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида дадил қадам қўяётган давлатлар сирасидан. Билсангиз, жаҳон мамлакатлари демократия индексида ўрнини яхшилаш осон иш эмас. Ушбу ислоҳотларни бирданига амалга ошириб бўлмайди. Бу йўлда мамлакатимизда барча шарт-шароитлар босқичма босқич амалга ошириляпти. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда билиб-билмай, тушунмасдан турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Бирёқлама қарашлардан тийилайлик. Бир нарсани унутмайлик, амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот таг-замирида аҳоли фаравонлиги, мамлакат манфаати, тинч-тотув ҳаёт мужассамдир. Хулоса ўзингиздан!