Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов қоидабузарлиги юзасидан республика судларига мурожаат келиб тушмаган
14:44 / 2021-10-25

Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Олий суд раиси Козимжон Комилов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади. Олий суд раиси ўз сўзида судлар томонидан сайловчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш натижалари тўғрисида маълумот бериб ўтди.

– Жорий йилнинг 31 майида Сайлов кодекси талабларини жаҳон андозаларига келтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилган бўлиб, юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қўйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби бекор қилинди ва бу қоида мутлоқ вақолат сифатида маъмурий судларга берилди.

Бу деганики, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари эса сайлов комиссияларининг ҳаракатлари устидан маъмурий судларга, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин.  

Қонунда белгиланган тартибга кўра, фуқароларимиз Сайлов комиссиясининг қарори устидан шикоят билан судга, қарор қабул қилинганидан кейин 5 кун ичида бемалол ва тўсиқсиз ёзма ва электрон шаклда, шунингдек чет давлатда туриб ҳам мурожаат қилишга ва судларнинг ахборот тизими орқали дарҳол рўйхатга олиниши учун шароит ва имкониятлар мавжуд.

Бундай тартиб албатта кузатувчиларга ҳам таалуқли бўлиб, улар ҳам судларга ариза ёки шикоятларни умумий тартибда беришлари мумкин. Ушбу низоларнинг ўзига ҳос ҳусусиятини ва оқибатларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликда бу тоифадаги ишларни кўришнинг энг қисқа муддатлар белгиланган бўлиб, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан берилган шикоят шу кундан эътиборан дам олиш ёки байрам куни бўлишидан қатъий назар уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши лозим.

Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилининг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, ёлғон маълумотлар тарқатиш, сайловни молиялаштириш тартибини, сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида ахборот ва ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

24 октябрь куни сайлов жараёнида иштирок этган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари бевосита сайлов жараёнидаги сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан маъмурий судларга, республика судларига мурожаат қилишмаган.

Участка сайлов комиссияси овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича мажлис ўтказиб, унда овоз бериш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилади. Баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.

Демак, амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб қайд этилган сайлов комиссияси қарори устидан сиёсий партия органлари вакиллари, кузатувчилар, сайловчилар ва сайлов участка аъзолари томонидан 5 кунлик муддат ичида туманлараро маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан 5 кунлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига тўғридан-тўғри шикоят (ариза) билан мурожаат қилиниши мумкин, – деди К.Комилов.

 

Нурилло Насриев, ЎзА