Айни пайт Ўзбекистонда Парламент сайловига қизғин тайёрларлик кўрилмоқда. Табиийки, бу жараёнда муҳим аҳамият касб этадиган сайлов олди ташвиқот даври ўзига хос хусусиятга эга.
Ташвиқот тадбирларини амалга ошириш мамлакатимизда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган:
– Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 9-боби;
– Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом.
Сайлов кодекси 44-моддасига кўра, ташвиқот – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган, сайловчиларни номзод ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундайдиган фаолият.
Қонунчиликка кўра, ташвиқот номзодлар ва партияни муайян тартибда рўйхатга олиш учун белгиланган охирги кун (рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганда тугалланади)нинг эртаси бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганда ташвиқот ўтказишга йўл қўйилмайди.
Сайлов олди ташвиқоти давлатнинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқ саломатлиги, маънавиятига таҳдид солмаслиги, уруш, миллий нафрат, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартириш, фуқаролар конституциявий ҳуқуқи, эркинлигини чекловчи ҳаракатга даъват қилмаслиги керак.
Ташвиқот бевосита номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар, партия вакиллари томонидан қонунда белгиланган шаклда ва усулда амалга оширилади.
Сайлов кодекси 44-моддаси бешинчи қисмига асосан,
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари раҳбарлари;
Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар;
сайлов комиссиялари аъзолари;
диний ташкилотлар профессионал хизматчиларига сайлов олди ташвиқоти олиб бориш тақиқланади.
Бу жараёнда эътибор қаратиладиган муҳим жиҳатлардан бири шуки, сайловчига бепул ёки имтиёзли шартда товар бериш, хизмат кўрсатиш (ахборот хизматидан ташқари), шунингдек пул маблағи тўлаш орқали ташвиқот қилиш мумкин эмас.
МСКнинг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан тасдиқланган Низом талабига мувофиқ, депутатликка номзод ёки сиёсий партияга ташвиқот учун маблағ Давлат бюджетидан ажратилади.
Ташвиқот сиёсий партия дастури ва платформаси, муайян ахборот ҳамда депутатликка номзод ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда, қолаверса омма олдида очиқ мунозара, баҳс, матбуот анжумани, фуқаролар йиғилиши, интервью, ОАВда чиқиш, ролик жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Шунингдек, ОАВ – телевидение, радио, газета ва журнал, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация, жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи;
босма, кўргазмали, аудиовизуал (плакат, варақа каби) ва бошқа ташвиқот материаллари чоп этиш ҳамда тарқатиш;
сайловчилар билан учрашув ўтказиш орқали амалга оширилади.
Ташвиқот даврида қонунчиликда тақиқланмаган бошқа шакл ва усуллардан фойдаланишга ҳам рухсат этилади.
Ташвиқотдан кўзланган асосий мақсад – сайловчини муайян дастурлар билан таништириш, фуқароларни номзод ва сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга чақириш. Ушбу жараён демократик-ҳуқуқий давлатнинг муҳим хусусияти ҳисобланади.
Таъкидлаш жоиз, шу кунларда Парламент сайловини ўтказиш бўйича депутатликка номзод, сиёсий партия ва вакиллар томонидан фаол ташвиқот-тарғибот олиб бориляпти.
Сайлов кодексининг 46-моддасига асосан, ташвиқот даврида давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда бир хил эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароит таъминланади. Бундай хизмат давлат ОАВ томонидан ҳақ эвазига ҳам кўрсатилиши, нодавлат ОАВ ҳам жараёнда қонунчиликка мувофиқ иштирок этиши мумкин.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ОАВ томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган тўлов шарти ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.
Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситасидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар фикрини инобатга олган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Номзод ва сиёсий партия сайловчилар билан учрашув ўтказиш орқали ташвиқот олиб бориши мумкин.
Учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ва депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Тадбирлар жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳудудий, туман, шаҳар ёки участка сайлов комиссиясига маълум қилинади. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимликлар камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилиниши шарт. Бинобарин, бундай оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учрашув ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиш, зарур маълумот ва ахборот олишда ёрдам кўрсатади.
Турли партияларга мансуб номзод ёки ишончли вакил биргаликда сайловчилар билан учрашув ўтказиши ёхуд номзод бошқа номзод томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, сайлов олди ташвиқоти мазкур муҳим сиёсий жараённинг муҳим ва ажралмас қисмидир. Ташвиқот тўғри ташкил этилиши ва амалга оширилиши фуқаролар ўз сайлов ҳуқуқидан фойдаланишда зарур маълумот билан таъминланиши ҳамда жараён адолатли ва муваффақиятли ўтишини таъминлашга хизмат қилади.
Қаҳҳор Жумаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқукий сиёсат институти
етакчи илмий ходими