Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов комиссиялари аъзоларининг тажрибасини бойитиш муҳим аҳамиятга эга
12:46 / 2024-08-28

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига киритилган янги нормалардан бири – эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари сайловини ўтказишда округ сайлов комиссиялари тузилмайди. Фақат халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сайловини ўтказиш учун округ сайлов комиссиялари тузилади.

Округ сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан тегишли ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг олти-саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади. Округ сайлов комиссиялари халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этиш, сайлов округи ҳудудида Сайлов кодекси ижроси устидан назоратни амалга ошириш ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлаш, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ва уларни тегишли ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этиш каби муҳим ваколатларни амалга оширади.  

Ўз ваколатлари доирасидаги вазифаларни амалга оширишда округ сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, тажрибасини ошириш муҳим ҳисобланади. Шу боис Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепциясига мувофиқ, ҳудудларда республика тренерлари томонидан ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилмоқда. Мазкур ўқувларда сайловларни юқори савияда ташкил этиш, умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказиш мақсадида округ сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти ҳамда халқаро сайловга оид стандартлар бўйича билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Ўз навбатида, Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ҳудудларда бўлиб, ушбу ўқув-амалиёт машғулотларининг ташкил этилганлик ҳолати, тингловчилар давомати билан танишиб, машғулот иштирокчилари билан мулоқот қилмоқда. Уларни қизиқтирган саволларига сайлов қонунчилиги асосида батафсил маълумот бермоқда. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг котиби Худоёр Маматов Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ташкил этилган ўқув-машғулотларида иштирок этиб, ҳудудий, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссиялари фаолият олиб бориши учун яратилган шароитлар, имкониятлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, сайлов комиссияларининг биноларини сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ жиҳозлаш, фуқароларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тавсиялар берди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА