Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов комиссиялари аъзолари малака оширмоқда
20:18 / 2015-01-30

Тошкентда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг раислари ва аъзолари, шунингдек, ҳудудий матбуот марказлари раҳбарлари учун ташкил этилган семинар-тренинг бошланди.

Тошкентда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг раислари ва аъзолари, шунингдек, ҳудудий матбуот марказлари раҳбарлари учун ташкил этилган семинар-тренинг бошланди.

Унда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сайлов ҳуқуқи бўйича миллий экспертлар, сиёсий партиялар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этмоқда.

Семинарда округ сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва унинг амалиётда қўлланилиши тўғрисида хабардорлик даражаси янада оширилмоқда. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг турли жиҳатлари, округ сайлов комиссияларининг бу борадаги долзарб вазифалари муҳокама қилинмоқда.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мамлакатимиз йилнинг муҳим сиёсий воқеаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида турганини таъкидлади.

Демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини очиқ ва адолатли сайловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сайловларда инсонларнинг фикрлари хилма-хиллиги, орзу-умидлари намоён бўлади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда изчил амалга оширилган ислоҳотлар самарасида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилди.

Сайлов комиссияларининг мустақиллиги мамлакатимиз сайлов тизимининг энг муҳим хусусияти ҳисобланади. Бу эса сайловларнинг қонун талабларига мувофиқ равишда очиқлик ва ошкоралик асосида ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Икки кунлик семинар-тренингда миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар билан ўзаро муносабатлари масалалари, халқаро сайлов стандартлари, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, сайловнинг очиқлиги ва ошкоралиги, кузатувчилар институтининг сайлов жараёнидаги ўрни, шунингдек, бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг бошқа жиҳатларига бағишланган маърузалар тингланади.

Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази фаолияти билан ҳам танишади.